25 июл куни Россия жанубидаги Ростов областига кучли довул ёпирилди – кучли момақалдироқ бўлиб, жала қуйди. Ростов-Дон шаҳри мэри Александр Скрябинга кўра, табиий офат оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, 13 киши жабрланган, шундан етти нафари шифохонага ётқизилган.

Ноқулай об-ҳаво туфайли областнинг 15 та шаҳри ва райони электр таъминотисиз қолган, Ростовда ва яна бир неча аҳоли яшаш манзилларида ичимлик сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар ҳам юзага келган.

Ростов шаҳрида 170 дан ортиқ дарахт қулаган, уларнинг айримлари автомобилларни босиб қолган, шунингдек, 18 та жойда юқори волтли линияларда авария рўй берган.

Губернатор Юрий Слюсар маъмурият қайта тиклаш ишларини назорат қилаётганини таъкидлаб, ҳудуд аҳолисидан имкон қадар уйда қолишни сўраган.

Россия темирйўллари маълум қилишича, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли регионда қарийб 90 та поезд ўз вақтида йўлга чиқа олмаган, айрим рейслар саккиз соатгача кечиктирилган.