Жаҳон | 12:50 / 03.10.2024
2027
2 дақиқада ўқилади

Дания ва Швецияда Исроил элчихоналари яқинидаги портлашлар текширилмоқда

Копенҳаген ва Стокҳолмда Исроил элчихоналари яқинида портлашлар содир бўлди.

Фото: AFP/Scanpix/LETA

Дания полицияси 2 октябр, чоршанба куни Исроилнинг Копенҳагендаги элчихонаси яқинидаги портлашлар бўйича тергов бошлади. Исроилнинг Даниядаги элчихонаси дипломатик миссия биноси яқинида содир бўлган иккита портлашда унинг ходимлари жабрланмаганлигини маълум қилди. «Элчихона ёпилди, ҳеч ким жабрланмади, бинога зарар етмади», — дейилади ижтимоий тармоқда эълон қилинган хабарда.

Аввалроқ Даниянинг DR телерадиокомпанияси 2 октябрга ўтар кечаси элчихона яқинида иккита портлаш содир бўлганини хабар қилган эди.

Швеция полицияси портлаш ва отишма бўйича тергов олиб бормоқда

Шу куни Швеция полицияси бир кун аввал Стокҳолмдаги Исроил элчихонаси яқинида отишма содир бўлганини тасдиқлади, деб хабар берди SVT телеканали. «Ўқ отилганини тасдиқловчи хулосалар чиқарилди, - деди Стокҳолм полицияси вакили Ребекка Ландберг. - Бу кузатув камералари билан яхши ҳимояланган ҳудуд ва биз кўриб чиқишимиз мумкин бўлган материаллар мавжуд».

Аввалроқ Швеция ОАВ 1 октябр оқшомида Страндвеген кўчасида Исроил элчихонаси яқинида кучли портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берган эди. Ҳозирда «қурол ишлатиш билан боғлиқ оғир жиноят ва атрофдагилар учун хавф туғдирувчи» жиноят моддаси бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид