Янги самолёт ҳали буюртмачига топширилмаган. У дастлаб текширув ва синовлардан ўтиши, кейин илк парвозини амалга ошириши керак. Шундан сўнг уни Швеция томонига етказиб бериш кўзда тутилган.

GlobalEye узоқ масофадан радиолокацион кузатув олиб бориш, нишонларни аниқлаш ва ҳарбий ҳаракатларни мувофиқлаштириш имкониятларини бирлаштиради. Тизим ҳаво, қуруқлик ва денгиздаги вазият ҳақида маълумот тўплаб, қўмондонликка умумий манзарани кўришга ёрдам беради.

Самолёт кенг ҳудудлардаги фаолликни аниқлаш ва кузатишга мўлжалланган. Ундан олинган ахборот таҳдидларга ўз вақтида жавоб бериш, операцияларни режалаштириш ва кучлар ҳаракатини мувофиқлаштиришда қўлланади.

Швеция ушбу самолётлар ёрдамида миллий ҳаво ҳудуди ва унга туташ денгиз йўналишларида кузатув имкониятларини кучайтиришни кўзламоқда.

AviTrader хабарига кўра, Швеция Мудофаа таъминоти бошқармаси Saab билан дастлабки шартномани 2022 йилда тузган. Унда иккита GlobalEye етказиб бериш ва кейинчалик қўшимча самолётлар буюртма қилиш имконияти назарда тутилган.

2024 йилда учинчи самолёт ҳам буюртма қилинган. Шу тариқа Швеция учун тайёрланадиган GlobalEye’лар сони учтага етган.