Инфографикада мамлакатлар улар учун кўрсатилган ороллар сонига қараб жойлаштирилган. Маълумотлар миллий статистика ва картография идораларидан олинган ҳамда Wikipedia’да эълон қилинган ороллар сони бўйича мамлакатлар рўйхатида жамланган.
Мазкур рўйхатда жами 945 247 та орол ҳисобга олинган. Бироқ турли мамлакатларда «орол» тушунчасига берилган таърифлар фарқ қилгани сабабли бу маълумотларни дунё бўйича ягона стандарт асосида ўтказилган ҳисобга олиш натижаси деб бўлмайди.
Рўйхатдаги барча оролларнинг қарийб 75 фоизи Шимолий Европанинг уч мамлакати ҳиссасига тўғри келади. Биринчи ўринни 267 570 та оролга эга Швеция эгаллаган. Ундан кейин Норвегия — 239 057 та ва Финляндия — 198 146 та орол билан жойлашган. Ушбу уч мамлакатда жами 704 773 та орол бор. Бу рейтингда ҳисобга олинган ороллар умумий сонининг 74,6 фоизини ташкил этади.
Бу ҳудудлардаги бундай юқори кўрсаткичлар қисман музлик даври тарихи билан изоҳланади. Сўнгги муз босиш даврида музликлар рельефни шакллантирган ва ўзгартирган. Улар чекингач, сон-саноқсиз қояли бўртиқлар, қирғоқнинг саёз сувли қисмлари ва кўллар тизими қолган.
Масалан, Стокҳолм архипелаги Болтиқ денгизи ичкарисига анча узоққа чўзилган бўлиб, 30 мингга яқин орол, оролча ва сувдан чиқиб турган қояларни ўз ичига олади. Унга яқин жойда Финляндиянинг ўн минглаб ороллари бор Архипелаг денгизи жойлашган. Норвегиянинг Берген шаҳридан ғарбда эса Эйгарден ороллар гуруҳи чўзилган. Бу ернинг қирғоқ ландшафти тор бўғозлар билан ажралган кўплаб қояли ороллардан иборат.
Тўртинчи ўринни 52 455 та оролга эга Канада эгаллаган. Кейинги ўринларда Чили — 43 471 та ва АҚШ — 28 449 та орол билан қайд этилган.
Канада учун келтирилган рақам фақат қирғоқбўйи оролларига тегишли бўлиб, мамлакатнинг ички сув ҳавзаларидаги кўплаб оролларни қамраб олмайди. Энг йирик ороллар гуруҳларидан бири — Канада Арктика архипелаги 36 мингдан ортиқ оролни ўз ичига олади. Улар орасида дунёнинг энг йирик оролларидан бири — Баффин Ери ҳам бор.
Жануброқда, Алясканинг жануби-шарқий соҳили яқинида Александр архипелаги жойлашган. У расмий номга эга қарийб 1100 та оролдан иборат. Улар қаторига Уэльс шаҳзодаси ороли ва Адмиралтейство ороли ҳам киради. Минтақа эгри-бугри қирғоқ чизиғи, мўътадил минтақанинг сернам ўрмонлари ва хилма-хил денгиз экотизимлари билан машҳур.
Шу билан бирга, Канаданинг Онтарио провинциясидаги Гурон кўлининг бир қисми бўлган Жоржиан-Бей қўлтиғида 30 мингдан ортиқ орол бор. Бу мисол ички сув ҳавзаларидаги ороллар ҳам ҳисобга олинса, Канададаги оролларнинг умумий сони қанчалик кўп бўлиши мумкинлигини кўрсатади.









