Даниянинг жанубий соҳилидаги Рёдбюхавн яқинида Фемарнбелт туннели қурилиши вақтида денгиз тубидан олиб чиқилган грунт ҳисобига қарийб 300 минг квадрат метрлик янги ҳудуд барпо этилди. Бу майдонни келгусида аҳоли ва сайёҳлар учун табиий дам олиш масканига айлантириш режалаштирилган.
Фемарнбелт — Дания ва Германияни Болтиқ денгизи ости орқали боғлайдиган автомобиль ва темирйўл туннели. Унинг узунлиги 18 километрни ташкил этади. Қурилиш якунлангач, у дунёдаги энг узун сувга ботириладиган туннел бўлиши кутилмоқда.
Туннел Даниянинг Рёдбюхавн шаҳрини Германиянинг Путтгарден шаҳри билан боғлайди. Лойиҳани 2029 йилда якунлаш режалаштирилган.
Иншоот 89 та йирик бетон элементдан ташкил топади. Ҳар бир элементнинг узунлиги 217 метр, оғирлиги эса қарийб 73 минг тоннани ташкил қилади. Улар денгиз тубида махсус қазилган траншеяга туширилиб, бир-бирига уланади.
Туннел фойдаланишга топширилгач, Ҳамбург ва Копенҳаген ўртасида темирйўл орқали сафар вақти қарийб икки соатни ташкил этиши кутилмоқда. Туннел орқали автомобилда ҳаракатланиш эса бир соатдан сал кўпроқ вақт олиши айтилган.
Денгиздан ўзлаштирилган янги ҳудуд ҳам ободонлаштирилади. У ерда учта ҳовуз ташкил этиш ва соҳил иқлимининг мураккаб шароитларига чидамли ўсимликлар экиш режалаштирилган. Лойиҳа оператори Sund & Bælt янги ҳудуд келажакда ташриф буюрувчилар учун ўзига хос табиий маскан бўлишини билдирган.

















