Давлат раҳбари таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқот ўтказди.
Учрашув мобайнида “Йил ўқитувчиси”га янги уй-жойлар ва фан олимпиадалари ғолиблари устозларига эса 150 миллионгача пул мукофотлари берилиши маълум қилинди.
Давлат раҳбарининг билдиришича, муаллимлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш тизими давом эттирилади. Хусусан, 1 октябрдан педагог ходимлар иш ҳаққи 15 фоизга оширилади. Уларга халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилади. Синовларда 86 ва ундан юқори балл олган педагоглар қўшимча 70 фоиз устама олади. Масалан, олий тоифали биология ўқитувчиси ўз фани бўйича халқаро сертификати бўлса – 50 фоиз, директор жамғармасидан 40 фоизгача ва янги талабга жавоб берса, яна 70 фоиз устама олади. Ва шу тариқа унинг умумий ойлик маоши 4 миллион 500 минг сўмдан 12 миллион сўмга етади.

Эндиликда устозларга ҳам совға сифатида уй-жой берилади. Учрашувда “Йил ўқитувчиси” танлови ўтказилиб, 208 та туман ва шаҳардан ғолиб бўлган ўқитувчиларга Президент совғаси сифатида хонадон тақдим этилиши алоҳида қайд этилди.

Рағбатлантиришлар билан бир қаторда ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини ошириш учун ҳам шароитлар яратилади. Президентнинг таъкидлашича, Абдулла Авлоний номидаги институт педагогларда касб маҳоратини ошириб боришга масъул бўлади. Институтнинг 12 та ҳудудий марказини замонавий қиёфага келтириш ва жиҳозлаш учун келаётган 3 йилда бюджетдан ҳар йили 50 миллиард сўм ажратилади. Бундан ташқари, жойларда 1 минг 300 та таянч мактаб ва 200 та боғча танлаб олиниб, улардаги етакчи ўқитувчилар ёш педагоглар учун “Касбий ривожланиш куни” ва “Касбий ривожланиш соати”ни ташкил этади. Бу жараёнларда дарс берган етакчи ўқитувчиларнинг иш ҳақига эса 20 фоиз устама қўшилади.

Педагогларнинг сифатли таълим беришини таъминлаш учун янги таълим муассасаларини қуриш ва мавжудларини таъмирлаш ишлари олиб борилади.




















