Ўзбекистон | 18:45 / 30.09.2024
22451
2 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти раҳбари лавозимидан озод этилди

Президент матбуот хизмати у бошқа ишга ўтаётганини маълум қилган. “Комил Алламжонов юртимизда сўз эркинлигини ривожлантириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ва халқ таълими тизимини такомиллаштириш бўйича президентимиз Ш.М. Мирзиёев белгилаб берган устувор вазифаларни амалга оширишда катта натижаларга эришди”, – дейилади расмий хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президентининг тегишли фармони билан, Комил Исмоилович Алламжонов Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимидан озод этилди. Президент матбуот хизмати раҳбари Шерзод Асадов у «бошқа ишга ўтаётгани»ни хабар қилган.

«Комил Алламжонов юртимизда сўз эркинлигини ривожлантириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ва халқ таълими тизимини такомиллаштириш бўйича Президентимиз Ш.М. Мирзиёев белгилаб берган устувор вазифаларни амалга оширишда катта натижаларга эришди.

Комил Исмоилович билан яқиндан ишлаган кўп сонли ҳамкасбларимиз қаторида унинг касбий маҳоратини юксак баҳолаб, келгусидаги фаолиятида улкан зафар ва муваффақиятлар тилаб қоламан», дейилган хабарда.

Комил Алламжонов 1984 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2006 йили Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини, 2010 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2005–2013 йилларда Солиқ қўмитасида ишлаган.

Комил Алламжонов 2017 йил декабрида Ўзбекистон президенти матбуот хизмати раҳбари бўлган, 2018 йил ноябрида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига раҳбар бўлган (2019 йил февралидан бу ташкилот Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сифатида қайта ташкил этилганди).

У 2020 йил январ ойида Масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди васийлик кенгаши раиси сифатида иш бошлаган, 2022 йил июлида президент администрацияси раҳбарига ўринбосар бўлганди.

2023 йил августидан буён Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти раҳбари лавозимида ишлаётганди.

Мавзуга оид