Тошкент шаҳри ҳокимлиги Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси биноси ёнида сунъий кўл ва дам олиш маскани қурилаётгани ҳақида видеолавҳа эълон қилди.

Хабарда «Тошкент шаҳрида янги сунъий кўллар ва яшил ҳудудларни ташкил этиш, шунингдек, аввал мавжуд бўлган, бироқ вақт ўтиши билан йўқолган ёки тугатилган сув ҳавзалари ҳамда яшил ҳудудларни қайта тиклаш бўйича изчил ишлар олиб борилаётгани» қайд этилган.

Ушбу ташаббус доирасида Чилонзор тумани Бешёғоч маҳалласида аҳоли ва шаҳар меҳмонлари учун янги дам олиш маскани барпо этилмоқда. Лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмаси асосида амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг умумий майдони 23 минг метр квадрат (2,3 гектар) бўлиб, шундан 18 700 метр квадрат қисми сунъий кўл учун ажратилган. Кўлнинг сув сиғими қарийб 37 400 метр кубни ташкил этади.

Лойиҳа доирасида ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, 150 туп янги дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган. Шунингдек, дам олувчилар учун умумий узунлиги 4 600 метр бўлган пиёдалар ва велойўлаклар, иккита фаввора ҳамда бошқа зарур инфратузилма ташкил этиш кўзда тутилган.

Лойиҳанинг ўзига хос меъморий ечимларидан бири кўл ҳудудида ўрнатилиши режалаштирилаётган 30 метр баландликдаги айланувчи аркали рамзий дарвозадир.

Қайд этилишича, ушбу иншоотнинг меъморий консепсиясини шакллантиришда италиялик мутахассисларнинг дастлабки таклифлари ҳам ўрганилган. Мазкур ғоялар маҳаллий мутахассислар томонидан қайта ишлаб чиқилиб, ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва лойиҳа талабларига мослаштирилди.

Лойиҳачи «Lider Prof Proyekt» МЧЖ мутахассислари томонидан аркали иншоотнинг мураккаб конструктив ва механик ечимларини ишлаб чиқишда хорижий, жумладан, хитойлик мутахассислар билан техник ҳамкорлик имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, дастлабки лойиҳа ечимларида аркали иншоот ичида иккита лифт жойлаштириш имконияти ҳам назарда тутилган.

«Янги масканнинг Magic City ва Миллий боғга туташ жойлашуви уни нафақат яқин маҳаллалар аҳолиси, балки пойтахтнинг бошқа ҳудудларидан келувчи фуқаролар ва сайёҳлар учун ҳам жозибадор дам олиш манзилига айлантириши кутилмоқда. Лойиҳа фойдаланишга топширилгач, ушбу масканга кунига 3 минг нафаргача ташриф бўлиши кутилмоқда.