Айни вақтга қадар Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида амалга ошириб келинаётган авиақатновлар 1994 йилда имзоланган битим асосида бажарилиб, ҳар бири томондан фақатгина биттадан авиакомпанияга парвозларни амалга ошириш ҳуқуқи берилган эди.

Музокаралар натижасига кўра, Ўзбекистон ва Кувайт Транспорт вазирликлари ҳамда икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари томонидан янги таҳрирда ишлаб чиқилган, янги шартларни ўз ичига олган авиақатновлар тўғрисидаги янги битим матни икки мамлакат авиация ҳукуматлари раҳбарлари томонидан парафирланди.

Янги битим икки мамлакат ўртасида ҳар бир томондан фақатгина биттадан тайинланган авиакомпания парвозларни амалга ошириши мумкинлиги тўғрисидаги чекловни бекор қилиш билан бир қаторда, янги келишув шартларини ўз ичига олади.

Кувайт фуқароларини Ўзбекистон шаҳарларига тўғридан тўғри учиб келишига кенг имконият яратиш ҳамда зиёрат туризмига янада кенг йўл очиш мақсадида икки мамлакат ўртасидаги ҳафталик авиақатновларни ҳар бир томондан 14 тага етказиш орқали 28 тага олиб чиқиш бўйича келишув имзоланди. 

Эндиликда белгиланган шаҳарлар сони бўйича чекловни бекор қилган ҳолда Ўзбекистоннинг барча аэропортларидан Кувайтга парвозларни амалга ошириш мумкин бўлади.