Саида Мирзиёева ва Комил Алламжонов ташаббуси билан Масс-медиа фонди тузилганига бугун 5 йил тўлди. ОАВ соҳасида юз берган ижобий ўзгаришларни сақлаб қолиш ва журналистларни ҳимоя қилиш жуда муҳим. Фонд матбуот учун медиа бозорида тенг имкониятлар яратиш, ОАВни ривожлантириш функцияларини бажариб келмоқда. Алламжоновга кўра, АОКА давлатнинг ягона медиа сиёсатини юритишга масъул бўлса, фонд журналист ва блогерларнинг овозини эшитувчи бирламчи ташкилотдир.
Ўзбекистонда журналистика ва блогинг кучли ҳаракатга айланса-да, муаммоларни муҳокама қилиб, ҳал қилувчи бирор платформа йўқ эди. Худди шундай функцияларни даставвал АОКА, кейинчалик у билан параллел равишда бундан 5 йил аввал тузилган Миллий-масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди бажарди. Ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишни агентлик бўйнига олди. Комил Алламжонов ҳамда Саида Мирзиёева раҳбарлик қилган бу ташкилот ўз олдига ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожланишда ОАВнинг ролини кучайтириш, журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадларини қўйди. Орадан 1 йил вақт ўтиб, Миллий-масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди тузилди. Матбуот учун медиа бозорида тенг имкониятлар яратиш, уларни ривожлантириш функцияларини бугун шу фонд бажариб келмоқда. Шунингдек, тузилма журналист ва блогерларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга ҳам кўмаклашади. Содда тил билан айтганда, фонд матбуотнинг давлат билан мулоқотида профессионал ташкилот бўлиб келмоқда.
Хўш, фонд яна қандай вазифаларни бажаради?
Жамғарма матбуот вакиллари, журналист ва блогерлар учун лойиҳалар ишлаб чиқади. ОАВнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга кўмаклашади, журналист ва блогерлар фаолиятини қўллаб-қувватлайди, уларга ҳуқуқий, тавсиявий, ташкилий, техник ва бошқа ёрдамларни кўрсатиш билан шуғулланади.
Ўтган 5 йилда биринчи навбатда хорижий ташкилотлар билан шериклик алоқалари ўрнатилди, мулоқот йўлга қўйилди. Дастлабки кунларданоқ фонд ЕИ, БМТ ва унинг тараққиёт дастури, аҳоли фонди, ЮНИСEФ, ЮНEСКО, Жаҳон банки, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги USAID, ЕХҲТ, Қўшма Штатлар, Франция, Германия, Швейцария ва бошқа матбуот рейтинги юқори давлатлар дипломатик корпуси вакиллари билан мулоқот олиб борилди.
Фонд наздида матбуот ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш энг асосий вазифалардан эди. Шунинг учун Швейцария ва Франция элчихоналари билан тренинглар ташкил қилинди. Журналист блогерларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш учун 100 саволга жавоб лойиҳаси ҳам профессионал журналистикани яратиш учун керакли дастурлардан бири бўлди.













