20 декабр куни Германиянинг Магдебург шаҳрида рождество ярмаркасига келган одамлар устига BMW X3 ҳайдаб борилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида беш кишини ташкил этмоқда, деб хабар беради Der Spiegel нашри. Bild таблоиди эса полицияга таяниб берган хабарида тўрт киши ҳалок бўлгани ҳақида ёзган. Ҳужумдан кейин Саксония-Анҳалт федерал ери расмийлари икки киши ҳалок бўлганини хабар қилганди.

Bild маълумотига кўра, 205 киши тан жароҳати олган: шундан 41 киши оғир аҳволда қолмоқда, бундан ташқари, 86 кишида жиддий жароҳатлар қайд этилган, 78 нафарининг жароҳати — енгил. Der Spiegel хабарига кўра, расмийлар 60 ярадор ҳақида хабар берган.

Рождество ярмаркасига ҳужум юзасидан 50 ёшли Толиб ал-Абдулмуҳсин қўлга олинган. У Магдебургдан 45 километр масофадаги Бернбург шаҳридан бўлган психиатр шифокор ва психотерапевт. Унинг квартирасида тинтув ўтказилган. Полицияга кўра, унинг шериклари бўлмаган.

Немис нашрлари маълумотига кўра, Толиб ал-Абдулмуҳсин — келиб чиқиши Саудия Арабистонидан бўлиб, Германияда 2006 йилдан буён яшаб келади, доимий яшаш гувоҳномасига эга. 2016 йилда у ислом динини тарк этгани туфайли ўзига ўлим хавф солишини айтиб, Германияда қочқин мақомини олган. Интернетда Толиб ислом динига қарши чиқишлар қилган, шунингдек, Саудия Арабистонида яшовчиларга бу мамлакатдан қандай қочиш йўлларини ўргантган. У Германияда қандай сиёсий бошпана олиш мавзусидаги сайтни юритган.

Полициячилар махсус бўлинмаси Бернбургда гумонланувчи яшаган уй олдида
Sebastian Willnow / dpa / Scanpix / LETA

Магдебургдаги теракт ижрочиси — немис ултрўнглари тарафдори. Der Spiegel журналистлари аниқлашича, Толиб ал-Абдулмуҳсин мигрантларга салбий кайфиятдаги «Германия учун муқобил» ултраўнг популист партиясига очиқдан очиқ симпатия билдирган.

Бундан ташқари, журналистлар ҳужумга бир ҳафта қолганида Толиб Америкадаги блогга берган интервюсида Германия ҳукумати бутун дунё бўйлаб ислом динидан воз кечган саудияликларни «йўқ қилиш» учун яширинча «махфий амалиёт» ўтказаётгани ҳақида гапирган.

Мамлакат ички ишлар вазири Нэнси Фезер ҳам у «исломофоб» қарашларда бўлганини тасдиқлаган. Прокурор Нопенс терговчилар ҳали ҳужум қилганнинг мотивларини ўрганаётганини, аммо улар Германияда Саудия Арабистонидан келган қочқинларга муносабатдан норозилик билан боғлиқлигини айтган.