Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Дамашқ ташқарисидаги Седная қамоқхонасидаги қийноқларга алоқадорларни жавобгарликка тортиш учун халқаро саъй-ҳаракатларни талаб қилди. Германия дипломатияси раҳбари 3 январ, жума куни Сурияга эълон қилинмаган ташрифи чоғида қамоқхонага ташриф буюрди.
Башар Асад режимининг ҳаракатлари натижасида у ерда ҳалок бўлганларнинг ҳаётини қайтариб бўлмайди, бироқ «барчамиз – халқаро ҳамжамият – адолат қарор топишига ёрдам бера оламиз», дея Бербок сўзларидан иқтибос келтирган dpa ахборот агентлиги.
Германия ташқи ишлар вазирига Европа Иттифоқи номидан унинг француз ҳамкасби Жан-Ноэл Барро ҳамроҳлик қилди.
«Маҳбуслар цивилизациялашган дунёда ақлга сиғмайдиган усуллар билан ўлдирилган»
Суриянинг «Сурия фуқаролик мудофааси» кўнгиллилар ташкилоти вакиллари сиёсатчиларга Седная қамоқхонасидаги шароитлар ҳақида гапириб берди. Ўтган йилларда Европа «Сурия фуқаролик мудофааси» ва БМТни эҳтимолий уруш жиноятлари тўғрисида далиллар тўплашда қўллаб-қувватлаган, деди бўлим бошлиғи.
«Биз айнан шу нарсани давом эттирмоқчимиз, шу жумладан, далиллар тўплаш, адолат ва бу даҳшатли жиноятлар билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритиш масаласида биз Суриядаги одамлар томонида эканлигимизни тушунтириш учун келдик», — дея таъкидлади Германия ташқи ишлар вазири.
«Сиз баъзи жойларда содир бўлаётган даҳшатни тасаввур қила олмайсиз ... Бу ерда, Сурия пойтахти Дамашқ яқинида, улар цивилизациялашган дунёда ақлга сиғмайдиган усуллардан фойдаланган ҳолда ўлдирилган», — дея қўшимча қилди Бербок.
Германия вазирининг сўзларига кўра, «Сурия фуқаролик мудофааси» Асад режими «инсоний бўлмаган қийноқлар режими» эканлигини бир неча бор таъкидлаган.
Германия Сурияни қўллаб-қувватлаш шартларини эълон қилди
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 11 декабр куни Башар Асад режими ағдарилганидан кейин Сурияни қўллаб-қувватлаш режасини тақдим этди. У Берлин Дамашққа ёрдам бериш учун илгари сурадиган саккиз банд ва шартдан иборат.
Бербок ҳокимиятнинг тинч йўл билан ўтказилишини биринчи ва энг муҳим нуқта деб атади. «Барча партиялар томонидан қабул қилинган фуқаролик ҳукумати фақат барча озчиликлар ва сиёсий гуруҳлар стол атрофида жам бўлса, муваффақиятли бўлади», деди у.

















