Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги ҳуманитар инқироз

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотига кўра, Ғазо сектори шимолида сўнгги икки ой ичида озиқ-овқат ёрдами деярли етказилмаган, бу ҳудудни эксклавдаги очарчиликка энг кучли дучор бўлган минтақага айлантирган.

Ҳозирда рухсат этилган озиқ-овқат ҳажми очлик исканжасида қолганларнинг учдан бир қисминигина тўйғизишга етмоқда. Волонтёрлар емак улушларини босқичма-босқич камайтиришга мажбур бўлмоқда.

Бугунга келиб Исроилнинг тўхтамаётган ҳужумлари оқибатида Ғазо секторида қурбонлар сони 46 минг 584 кишига етган бўлиб. Фақат сўнгги сутка ичида 19 киши Исроил ҳужумлари қурбони бўлди.

ҲАМАСга янги етакчи тайинланди

Исроил томонидан ўлдирилган Яҳё Синварнинг ўрнини унинг укаси, 50 ёшли Муҳаммад Синвар эгаллади. Бу ҳақда The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Муҳаммад Синвар «Соя» лақаби билан танилган бўлиб, махфийликда ишлашни афзал кўради. У Яҳё Синварнинг яқин шериги ва ҲАМАСнинг собиқ ҳарбий раҳбари Муҳаммад Дейф билан яқин муносабатда бўлган. Айни пайтда, Муҳаммад Синвар ҲАМАСнинг Ғазодаги бўлинмасини қайта тиклаш ишларини бошқармоқда.

ҲАМАС расман Муҳаммад Синварни янги етакчи сифатида эълон қилганича йўқ. Унга қарши бир қатор жиддий даъволар мавжуд: Исроил махсус хизматлари уни 2006 йилдаги Гилад Шалитнинг ўғирланишига масъул деб ҳисоблайди, аммо буни ҲАМАС тасдиқламаган.

Ғазо бўйича музокаралар

Туркиянинг Миллий разведка ташкилоти (MİT) раҳбари Иброҳим Қалин ҲАМАС сиёсий бюроси вакиллари билан телефон мулоқотини ўтказди. Учрашувда ўт очишни тўхтатишга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилгани маълум қилинди.

Айни вақтда Қатар пойтахти Доҳада ҳам Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокараларда «муҳим илдамлаш» қайд этилгани ҳақида Reuters агентлиги хабар берди. Қатар расмийлари ҳар икки томонга ўт очишни тўхтатиш ва асирларни озод қилиш ҳақидаги якуний келишув лойиҳасини тақдим этди.

Музокараларга яқин манбага кўра, кейинги 24 соат келишувга эришишда ҳал қилувчи бўлади. Ушбу жараёнда «Моссад» ва «Шин Бет» раҳбарлари, Қатар бош вазири, Доналд Трамп маъмуриятининг махсус вакили Стив Уиткофф ҳамда Жо Байденнинг махсус вакили Бретт Макгерк қатнашган.