Вэнс мағлубиятда Эрон урушини айблади
АҚШда оралиқ сайловлардаги мағлубиятдан сўнг республикачилар орасида Эрон уруши бўйича келишмовчиликлар юзага чиқа бошлади. 4 ноябр куни вице-президент Ж.Д. Вэнс – президент Доналд Трампнинг Эронга қарши урушидан очиқ узоқлашди.
3 ноябр куни бўлиб ўтган сайловларда демократлар Конгресснинг иккала палатаси, яъни Сенат ва Вакиллар палатаси устидан назоратни қўлга киритди.
2028 йилги президентлик сайловларида асосий даъвогарлардан бири ҳисобланган Вэнс эса урушнинг баҳоси ўзини оқлаганига шубҳа билдирди. У мағлубият учун айнан урушни айблади. «Ютқазишимизнинг сабаби – уруш. Агар бу уруш арзиганини, Сенатни келгуси 6 йилга бой бериш арзиганини даъво қилмоқчи бўлсангиз, қилаверинг», деб ёзди Вэнс.
Трамп эса журналистларга Вэнснинг гапларини яхши деб билишини ва унинг фикрини тушунишини айтди. Бироқ Оқ уй раҳбари урушни оқлаб, у Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олганини таъкидлади. Трампнинг фикрича, уруш мағлубиятнинг бир нечта сабабидан бири холос.
Вэнснинг баёноти Трамп Эронга қарши йирик ҳарбий амалиётларни қайта бошлашни ўйлаётган пайтга тўғри келди. Ўтган ҳафтада АҚШ Марказий қўмондонлиги президентга шу бўйича вариантларни тақдим этган. Манбалардан бири Трамп сайловлар туфайли ҳужумни кечиктирганини ва энди Эронни бомбалашни режалаштираётганини айтган. Бироқ АҚШ разведкаси баҳоларига кўра, янги зарбалар Теҳроннинг музокаралардаги позициясини тубдан ўзгартирмайди ва режим алмашишига олиб келмайди.
Сурия-Саудия мудофаа битими
4 ноябр куни Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон иштирокида Ар-Риёдда бир қатор келишувлар имзоланди.
Бу Аш-Шаръанинг бир ой камроқ вақт ичида Ар-Риёдга иккинчи ташрифидир. Сурия ТИВ икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасидаги битимни келишувларнинг энг муҳими деб атади, бироқ унинг шартларини ошкор қилмади.
Бир неча кун олдин Сурия ташқи ишлар вазири мамлакат Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўртасидаги ўзаро мудофаа пакти – Макка пактига қўшилишни кўриб чиқаётганини айтганди.
Ташриф давомида Саудия тараққиёт жамғармаси Сурияга енгил шартларда 403 миллион доллар қарз ажратишга келишди. Саудиянинг расмий SPA агентлигига кўра, маблағлар соғлиқни сақлаш, уй-жой, фуқаро муҳофазаси, энергетика ва ичимлик суви тизимларини тиклашга йўналтирилади.











