Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроил зулми Ғазодан Жанийнга кўчди

Исроил оккупацияси остидаги Ғарбий соҳилда зўравонликлар авж олмоқда. Фаластиннинг Жанийн туманида Исроил ҳужумлари натижасида камида 10 фаластинлик ҳалок бўлди, 35 дан ортиғи яраланган. Исроил армияси буни «аксилтеррор операцияси» деб атади, аммо бу борада батафсил маълумот берилмаяпти.

Фаластин маъмурияти исроиллик ҳарбийларни тинч аҳоли ва хавфсизлик кучлари ходимларига ўт очганликда айблади. Жабрланганлар орасида тинч фуқаролар ва офицерлар бор, улардан бири оғир аҳволда.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бу ҳаракатни «терроризмга қарши кураш» деб баҳолаган ва операцияга «Темир девор» деб ном берилган.

Жанийндаги эскалация Ғарб соҳилидаги умумий зўравонликлардан бир қисмидир. Сўнгги ҳафталарда ҳарбий рейдлар, ноқонуний манзилгоҳларда яшовчи яҳудий кўчкиндиларининг ҳужумлари ва авиаҳужумлар кўпайди. 21 январ куни яҳудий манзилгоҳларидаги кўчкиндилар армия ёрдамида фаластинликларнинг автомобиллари ва мулкларини ёқиб юборди. 20 дан ортиқ одам яраланди.

Ғазода яқиндаги келишувга қарамай, вазият нотинч қолмоқда. 2023 йил 7 октябрдан буён Ғарбий соҳилда Исроил кучлари ва ноқонуний манзилгоҳлардаги яҳудий кўчкиндилари томонидан камида 847 фаластинлик ҳалок қилинган.

Дамашқ: «Санкциялар сабабчиси — Москвада»

Суриянинг янги ҳукумати Ғарбдан иқтисодий санкцияларни бекор қилишни сўрамоқда. Давос форумида Сурия ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбоний санкциялар сабабини Москвадан қидириш кераклигини таъкидлаб, Башар Асад даврида жорий этилган санкциялар мамлакатнинг тикланишига тўсиқ бўлаётганини айтди. Унга кўра, «Сурия халқи собиқ ҳукмдорга қарши чоралар туфайли жазоланмаслиги керак».

8 декабр куни мухолифатдаги «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи Дамашқни эгаллаганидан кейин ҳокимият тепасига келган янги ҳукумат очиқ иқтисодий ислоҳотларни ваъда қилмоқда. Жумладан, нефт саноатининг хусусийлаштирилиши ва хусусий сармояларни транспорт инфратузилмасига жалб қилиш режалаштирилган.

АҚШ 6 ойлик санкцияларни енгиллаштириш ҳақида эълон қилди. Евроиттифоқ ҳам янги ҳукумат инклюзив сиёсатни йўлга қўйса, чораларни юмшатишни кўриб чиқмоқда.