Ўзбекистон | 10:36 / 24.01.2025
1811
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда инженерлик мактаблари ташкил этилади

“Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. 

Юқори технологияли ишлаб чиқаришни жорий этган электротехника саноати корхоналарига юқори технологияли ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга қабул қилинган санадан эътиборан 3 йил муддатга қуйидаги солиқ имтиёзлари берилади:

🔹фойда солиғининг нол даражали ставкасини қўллаш;
🔹мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод этиш.

Электротехника соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун электротехника саноати корхоналари томонидан оммавий савдолар орқали сотиб олинадиган давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг кўчмас мулк объектлари бўйича тўловларини 10 йилгача муддатда бўлиб-бўлиб тўлашга розилик берилади.

Жиззах вилоятидаги 1-сон политехникуми ҳамда Тошкент вилоятидаги Оҳангарон шаҳар политехникуми ҳузурида инженерлик мактаблари ташкил этилади.

2025–2027 йилларда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибидаги корхоналарнинг маҳаллий капитал бозорида қисқа (1 йилгача) ва ўрта (5 йилгача) муддатли облигацияларини жойлаштириш ва халқаро капитал бозорларида 2 та тармоқ корхонасининг еврооблигацияларини чиқариш ҳисобига ресурс жалб қилишга рухсат берилади. 

Электротехника маҳсулотлари экспортини янада жадаллаштириш учун янги Eltechexport молиялаштириш линияси жорий этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид