Чжантан-1 қудуғи мамлакат шимоли-ғарбидаги Шинжон-Уйғур автоном районининг Вэнсу уездида жойлашган. Бурғилаш ишлари 2 октябр куни якунланган.

Бу Хитойда тўлиқ маҳаллий ишланмалар асосида яратилган, 12 минг метргача чуқурликда ишлашга мўлжалланган бурғилаш қурилмаси ёрдамида қазилган иккинчи ўта чуқур қудуқдир.

Қудуқ орқали Тарим ҳавзасининг чуқур қатламларида нефт ва газ тўпланиши мумкин бўлган йирик геологик тузилмалар ўрганилади. Изланишлардан мақсад — углеводород захираларини кўпайтириш учун истиқболли янги ҳудудларни аниқлаш.

Ишлатилган бурғилаш қурилмасининг пўлат минораси 82 метр баландликка эга. У 6 минг от кучига тенг бурғилаш лебёдкаси — юк кўтариш механизми билан жиҳозланган. Қурилманинг кўтариш тизими 900 тоннагача юкни кўтариш имкониятига эга.

Интеллектуал бошқарув тизими эса бурғилашнинг барча босқичларидаги операцияларни автоматлаштиришга хизмат қилади.

Мазкур ускунанинг яратилиши Хитойга 10 минг метрдан ҳам чуқур қудуқларни бурғилашда маҳаллий технологиялардан фойдаланиш имконини берган. Янги қудуқнинг амалдаги чуқурлиги 8 345 метр бўлса, қурилманинг лойиҳавий имконияти 12 минг метргача етади.

Ҳозирга қадар Тарим нефт конида чуқурлиги 8 минг метрдан ошадиган 270 дан зиёд қудуқ бурғиланган. Бу Хитойдаги шундай қудуқларнинг ярмидан кўпини ташкил этади.

2025 йилда мазкур ҳудудда Шэндикэ-1 қудуғини бурғилаш ҳам якунланган эди. Унинг чуқурлиги 10 910 метрга етган.