Жамият | 17:57 / 07.03.2025
16564
3 дақиқада ўқилади

“Бир қўлда ишлашимни кўриб ҳайрон қолишади” – Тошкентни кўрмаган оқбўйралик деҳқон она ҳикояси

Зуҳрахон Орипова 53 ёшда. У Олтиариқ туманининг Оқбўйра қишлоғидан. Бир ярим яшарлигида сандалга тушиб кетиши оқибатида ўнг қўлидан айрилган. Зуҳра опа далага чиқиб пахта теради, томорқасида бодринг, редиска экиб даромад кўради, узум парваришлайди, кунлик ишларда ишлайди. “Тошкентга ҳали бормаганман, Тashkent city’ларни телевизорда кўриб ҳавас қилиб ўтираман”, – дейди деҳқон она.

Бир қўлли бўлиш Зуҳрахон Ориповани ҳаётда янада кучли, шижоатли бўлишга ундади. Оила қурди, икки фарзандли бўлди.

“Оилада олти фарзанд эдик. Фотима, мен Зуҳра, биздан кейин яна йигирма кунлик чақалоқ укамиз билан сандалга тушиб кетган эканмиз. Умримдан бор экан, уч марта қўлимни кесишган. Отам дори-дармон топиб келиб, бир нарса қилиб тузатиб олган. Отамга ҳам раҳмат, тан-у жони соғ бўлсин, бахтимга омон бўлсин, Ҳажга борсин илоҳим.

Олтиариқ аҳли меҳнаткаш бўлади. Қишлоқда қишин-ёзин тинмаймиз. Турмуш ўртоғим ҳам иккинчи гуруҳ ногирони. Ер оламиз, экин-тикин қилиб рўзғорга пул жамғарамиз. Ўтган йили саккиз миллион сўмлик пахта тердик эр-хотин.

Ёшлигимдан ипак қурти тутганмиз, ҳовлимизда ўттиз бештадан қўйимиз бўлган. Мактабгача шу қўйларни далага олиб чиқиб боқиб келардим. Беда томирини териб келардик. Ёшлигимиз далада ўтди.

Бир қўлли бўлсам ҳам ҳаётимдан нолимайман. Икки ўғлим бор, неварали бўлдик. Эрта баҳордан узумларга қараймиз, тагини чопамиз, қўшимча кунлик ишларга чиқамиз. Бир қўлда ишлаётганимни кўриб ҳайрон бўлиб телефонларига видеога олишади.

Ёшлигимда жўда шўх-шаддод қиз бўлганман. Қўлим йўқлигидан ўксиган кунларим ҳам бўлган. Отам ёшлигимда ўқитувчи бўлгин менга ўхшаб дерди. “Йўқ, мен ўқитувчи бўлмайман, қўлим йўқ-ку” десам, “ўқитувчи бўласан, гапинг ўтади, эпчилсан”, деб уқтирарди. Мен эса прокурор бўламан, прокурор бўлиб Тошкентларда юраман, самолётларда юраман деб қатъий гапирардим.

Иссиқхонада редиска етиштираман, мана айни кунларда уларни сотяпман. Бодринг етиштириб уни ҳам сотамиз. Қорамолларимиз бор. Узум парваришлаб сотамиз. Далада ғўзапоя ўриб сотамиз. Хуллас меҳнатимиз ортидан устимиз бут, қора қозонимиз қайнаб турибди.

Тошкентга бормаганман, тўғриси, телевизорда кўриб ҳавас қилиб ўтираман. Фарғонадан чиқмаганмиз-да, меҳнатдан ортиб вақт ҳам бўлмаган, энди орзу қиламиз холос. Орзуларимдан бири Тошкент шаҳрига бориб, кинотеатрларга, Озодбек Назарбеков, Юлдуз Усмоноваларнинг концертларига тушиш. Метроларида юришни хоҳлаймиз. Умраларга, катта Ҳажларга ҳам бориш ниятимиз бор”, – дейди Зуҳра опа Орипова.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров

Мавзуга оид