Узум етиштиришда олтиариқликлар анча илгарилаб кетишган. Томорқасини сархил узумлар билан тўлдирган боғбонлар энди маҳалла кўчасига ҳам сўриток ясаб ҳосил олишмоқда. Аҳмаджон ота Отаев ҳам ана шундай боғбонлардан.

Узумни ҳавасга етиштирамиз…

“Олтиариқ аҳли узумни ҳавасга экиб, ҳавасга етиштиради десам, муболаға бўлмайди. Шу кунларда Олтиариққа келинг, кўзингиз қувониши аниқ. Хонадон ичкарисидан ортиб кўчаларга ҳам баланд қилиб сўритоклар ясаб узум етиштиришга ўтдик. Мақсад - ҳам гўзаллик яратиш, ҳам бўш турган ердан унумли фойдаланиш.

Аҳмаджон ота Отаев

Томорқамиз бошдан оёқ токзор. Кўчамиз бўш турган эди, ўғлим билан маслаҳатлашиб кўчада ҳам сўриток тайёрлаб гўзал узумбоғ яратдик.

Ризқимизга яраша меваларни сотяпмиз.

Айни пайтда “мерс”, “қора келин бармоқ”, “келин бармоқ”, “ҳусайни”, “шоҳанак” каби узум навларини меҳр билан парвариш қиляпмиз.

Узумларни қиш фаслида ҳам сотиш учун узиб сақлаб қўямиз, қолганини сўритокнинг ўзида сотамиз. Узумларни то Наврўз байрамигача кондиционерда(махсус омборда) сақлаймиз.

Меҳнат қилган кам бўлмайди. Сотилган узумнинг пулига умид билан иккита қўй олиб келдик. Худо хоҳласа, чорвани ҳам кўпайтириш ҳаракатидамиз”, – дейди Аҳмаджон ота Отаев.