Туркиянинг Айдин вилоятида банк карталари орқали амалга оширилган шубҳали молиявий операциялар бўйича 10 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси текширувга жалб қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси маълум қилди.
Консулхона Туркия Ички ишлар вазирлиги тизимидаги идоралардан олинган маълумотларга таяниб, фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми бир хил эмаслигини билдирди. Айрим ўзбекистонликлар суд қарори билан қамоқда сақланаётган бўлса, бошқалари депортация марказларига жойлаштирилган. Яна бир гуруҳ фуқаро эса Туркиядан чиқиб кетмаслик мажбурияти билан озод қилинган.
Тергов жараёнида ҳар бир шахснинг мазкур молиявий операцияларга қанчалик алоқадор экани, унинг банк ҳисобларидан қанча маблағ ўтказилгани ва иш бўйича бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда. Шу маълумотлар асосида фуқароларга нисбатан қўлланадиган ҳуқуқий чоралар белгиланади.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси Туркиянинг тегишли идоралари билан алоқада бўлиб, ишни кузатмоқда ва терговга жалб қилинган фуқароларга консуллик ҳамда ҳуқуқий кўмак кўрсатмоқда.
Консулхона Ўзбекистон фуқароларини банк картаси, ҳисоб рақами ёки мобил банкинг хизматларидан бошқа шахслар номидан фойдаланишга йўл қўймасликка чақирди. Шунингдек, манбаси номаълум пулларни қабул қилиш ёки бошқа ҳисобларга ўтказишдан сақланиш сўралди.
Дипломатик ваколатхона бундай операцияларда воситачи сифатида иштирок этиш Туркия қонунчилигида жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.









