Биометрик шахсий маълумотларни йиғиш бўйича синов бошланганидан буён 70 мингга яқин хорижлик чегара пунктлари орқали Россияга киритилмади. Мамлакатга кириш учун жами 14 миллион киши биометрик маълумот топширган. Бу ҳақда Россия ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.

Мазкур амалиёт 2024 йил 1 декабрдан бери амал қилмоқда. Мамлакатга кираётганлар чегара назорати вақтида икки параметр — фотосурат ва бармоқ излари бўйича идентификация қилинади. Улар назорат-ўтказиш пунктларида топширилади.

“Тизим нафақат биометрик маълумотларни йиғишга, балки кириш тақиқланганидан сўнг мамлакатни тарк этиб, шахсий маълумотларини ўзгартирган ва Россияга қайта киришга уринганларни аниқлашга ҳам ёрдам беради”, — деб таъкидлади матбуот хизмати.

Дастлаб тажрибада Москванинг Шереметьево, Домодедово ва Жуковский аэропортлари ҳамда Оренбург вилоятидаги Маштаково автомобил назорат-ўтказиш пункти иштирок этган. 2025 йил 1 майдан бошлаб уларга Внуково аэропорти ҳам қўшилди. 2026 йил июнь ойида эса Санкт-Петербург, Новосибирск, Красноярск, Екатеринбург шаҳарлари, шунингдек, Олтой ўлкаси, Иркутск, Курган, Новосибирск, Саратов, Оренбург ва Омск вилоятидаги яна 11 та назорат-ўтказиш пункти биометрик маълумотларни йиғиш тизимлари билан жиҳозланди.