География – давлатлар ва миллатлар тақдирида беқиёс рол ўйнайди. Қаерда жойлашганлик, қандай қўшнилар билан ўралганлик – хавфсизлик ва тараққиёт учун инкор қилиб бўлмас омиллар ҳисобланади.
Ўзбекистон, Марказий Осиё минтақаси тўрт географик томондан тўрт хил қўшниларга эга. Шимолда – кечаги метрополия бўлмиш Россия Федерацияси, шарқда дунёнинг иккинчи иқтисодий ва ҳарбий қудрати бўлмиш Хитой Халқ Республикаси, ғарбда эса Европа Иттифоқи ва АҚШ.
Бу сафар Ўзбекистон, Марказий Осиёнинг жанубида жойлашган тўртлик ҳақида фикр алмашамиз. Мен бу давлатларнинг биз учун аҳамиятини инобатга олиб “жанубий тўртлик геосиёсий доктринаси” деган бўлар эдим.
Фақат Ўзбекистон ва МО минтақасининг жанубида айни ўзликлар ва мустаҳкам тарихий алоқалар билан боғлиқ давлатлар ҳамжамияти бор. Биз айнан мана шу тўрт давлат билан ўзликлар асосидаги фундаментал иттифоқлар, алянслар шакллантириш имкониятига эгамиз.
18-20 асрлар – глобал колониализм даври бўлди. Гарчи мустақил бўлсак-да, тарихан битта маконда, вақти-вақти билан ягона давлатлар таркибида бўлган жанубий тўртликка ҳалига қадар колониялар томонидан ўрнатилган тамғалар, шаблонлар, стериотиплар доирасида қарашда давом этдик. Бу қайси давлатлар?
Булар – Туркия Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Афғонистон ҳамда Покистон.
Туркия – мустақил олтита туркий давлатнинг демографик, иқтисодий, ҳарбий ва бошқа параметрларга кўра энг йирик вакили. НАТО аъзоси ва ушбу ташкилотдаги ҳарбийлар сонига кўра иккинчи йирик давлат.
Эрон Ислом Республикасининг аҳолиси 92 миллион атрофида, унинг ҳам иқтисодий, энергетик, ҳарбий потенциали юқори. Бироқ, кейинги ярим асрдаги ғарб билан тирашув, бу давлатнинг потенциалини тўлиқ ишга солишга имкон бермади.
Афғонистон – бевосита қўшнимиз, дунё ўзбекларининг тарихий эпицентрларидан бири. Мисол учун, ўзбек тили асосчиларидан бири Алишер Навоий бугунги Афғонистон ҳудудидаги Ҳиротда туғилиб ўсган ва яшаган.
Покистон – ушбу тўртликдаги аҳоли сони ва ҳарбий қудратига кўра энг йирик мамлакат ҳисобланади. Покистон аҳолиси 260 миллион атрофида деб баҳоланади, у мусулмон дунёсида ядро қуролига эга ягона давлатдир.
Бу тўртлик Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари учун нега муҳим? Маълумки, тараққиёт – минтақавий характерга эга бўлади. Қўшни давлатлар ва минтақаларда иқтисодий қолоқлик, ижтимоий муаммолар, сиёсий инқирозлар муттасил давом этар экан, бу минтақадаги барчага салбий таъсир ўтказади. Қолаверса, энг кучли иттифоқлар, алянслар айнан ёки яқин ўзликлар асосида қурилади.









