АҚШ президенти Доналд Трамп 14 март куни «минглаб украиналик аскарлар рус ҳарбийлари томонидан тўлиқ ўраб олингани ҳамда жуда ёмон ва заиф ҳолатда» эканини айтди. Трамп Россия президенти Владимир Путинни «уларга раҳм қилиш»га чақирган, акс ҳолда, унинг сўзларига кўра, «Иккинчи жаҳон урушидан бери кузатилмаган даҳшатли қирғин» рўй беради.

Катта эҳтимол билан, Трамп Курск областидаги украин ҳарбийларини назарда тутган. Тарқалган видеоёзувларга кўра, Украина қуролли кучлари бўлинмалари Курск областидаги плацдармнинг катта қисмини тарк этган, шу билан бирга катта йўқотишларга учраган. Украина армияси назорати остида фақат «Суджа» чегара ўтиш пункти ва унинг атрофидаги бир нечта қишлоқ қолмоқда. Россия дронлари зарбалари туфайли бу ҳудудларга таъминот етказиб бериш қийинлашган бўлса-да, қуршов ҳолати йўқ.

Тахминларга кўра, Трампнинг баёноти Пентагоннинг баҳосига асосланган: америкалик ҳарбий аноним тарзда NBC News телеканалига маълум қилишича, РФ қуролли кучлари Курск областида украин ҳарбийларини «деярли тўлиқ ўраб олган», Украина қуролли кучларининг айрим бўлинмалари чекинаётиб, техникани ташлаб кетган.

Владимир Путин Трампнинг илтимосини бажаришга тайёрлигини маълум қилди. «АҚШ президентининг чақириғини самарали амалга ошириш учун Украина ҳарбий-сиёсий раҳбарияти ўз ҳарбий бўлинмаларига қуролларни ташлаш ва таслим бўлиш бўйича тегишли буйруқ бериши зарур», – деди Путин 14 март куни Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилиши бошланишидан олдин. Кейинги куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ТАСС мухбирига Путиннинг қуролни ташлаш таклифи ҳали ҳам амалда экани, аммо украинларнинг «вақти сағри териси каби қисқараётгани»ни айтди.

Украина қуролли кучлари бош штаби Трампнинг баёнотидан кўп ўтмай, Россия ҳарбийлари Курск областидаги Украина бўлинмаларини ўраб олгани ҳақидаги даъволар «ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва россияликлар томонидан сиёсий мақсадлар ҳамда Украина ва ҳамкорларга босим ўтказиш учун яратилгани» ҳақида хабар берди.

Бош штабнинг маълум қилишича, Украинанинг «Курск» қўшинлари гуруҳининг операцион зонасида ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. «Украина мудофаа кучлари бўлинмалари қайта гуруҳланишни амалга оширди, мудофаанинг қулайроқ чизиқларига ўтди ва Курск области ҳудудида белгиланган вазифаларни бажармоқда. Жангчиларимиз душманнинг ҳужумкор ҳаракатларини қайтармоқда ва унга барча турдаги қуроллардан самарали ўт очиб зарба бермоқда», – дейилади Украина томони баёнотида. Бош штаб «бўлинмаларни қуршаб олиш хавфи йўқлиги»ни таъкидлаган.

Украина президенти Володимир Зеленский 15 март куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирскийнинг Курск областидаги Украина ҳарбийларининг ҳолати ҳақида ҳисоботини олганини маълум қилди: