Айни пайтда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси ўтган ҳафтанинг пайшанба кунидан бери тинч аҳоли вакилларидан 111 нафари ўлдирилганини тасдиқлади, аммо ҳақиқий рақамлар анча катта экани тахмин қилинмоқда.

Агентлик бу қотилликларнинг аксариятини судсиз ва терговсиз қатллар деб ҳисоблайди, афтидан, улар диний сабабларга кўра, айниқса, асосан алавийлар яшайдиган ҳудудларда амалга оширилган. Баъзи ҳолларда бутун оилалар ўлдирилган.

Буюк Британияда жойлашган Суриядаги инсон ҳуқуқларига риоя этилишини кузатиш маркази маълумотларига кўра, тартибсизликлар пайтида 1300 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, бу қотилликлар асосан Ўрта Ер денгизи соҳили бўйидаги Латақия ва Тартус вилоятларида рўй берган. Душанба куни марказ кузатувчилари ўлдирилганлардан 1000 га яқин тинч аҳоли вакиллари бўлгани, уларнинг аксарияти янги ҳукуматга алоқадор ёки унга содиқ бўлган жангарилар томонидан ўлдирилганини маълум қилди. Бу одамларни Суриянинг янги ҳукмдорлари куч тузилмалари ўлдиргани ҳақидаги даъволарни тасдиқлаш имконсиз.

Манбаларга кўра, янги ҳукумат хавфсизлик хизматининг 230 нафар ходими ва Асад тарафдорлари бўлган 250 нафар жангари ҳам ҳалок бўлган.

Фото: EPA

Ўтган йилнинг декабр ойида Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги Сурия мухолифати кучлари президент Башар Асадни ҳокимиятдан ағдариб, 600 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган 13 йиллик фуқаролар урушига чек қўйганидан сўнг, Сурияда нисбатан тинчлик ўрнатилиб, мамлакатга қочқинлар қайтиб кела бошлаганди.

Бироқ янги ҳокимият ўрнатилганидан кўп ўтмай, собиқ президент тарафдорлари – асосан Асаднинг ўзи каби алавийлар – Суриянинг асосан алавийлар яшайдиган шимоли-ғарбий соҳилларида янги ҳукуматга қарши қўзғалон кўтарди.

Асад армиясининг собиқ бригада генерали Гиат Далла амалдаги ҳукуматга қарши исён эълон қилиб, «Сурияни озод қилиш бўйича ҳарбий кенгаш» тузилишини маълум қилди. Айрим маълумотларга кўра, қуролларини топширишдан бош тортган Асад режимининг собиқ хавфсизлик хизмати зобитлари тоғларда қаршилик гуруҳини тузмоқда.

Бунга жавобан аш-Шаръа бошчилигидаги «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи ва унинг иттифоқчилари жангарилари ҳудудда тозалаш амалиёти бошлади.

Пайшанба куни денгиз бўйидаги Жабла шаҳрида исёнчилар қўйган пистирмада хавфсизлик хизматининг 13 нафар ходими ҳалок бўлди. Бунга жавобан расмийлар минтақага қўшимча кучлар юборди, уларга қуролли гуруҳлар ва ҳукуматни қўллаб-қувватловчи айрим шахслар қўшилди.