Ижтимоий тармоқларда Абу-Сахий бозорида ёнғин чиққани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳолатга ойдинлик киритди.

Маълум қилинишича, бугун, 19 март куни соат 10:00 да Зангиота тумани, Нурафшон маҳалласи ҳудудида жойлашган очиқ майдонда қурилиш чиқиндилари ёнаётгани тўғрисида ФВБга хабар тушган. Шунга кўра, 2 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 10:12 да ҳодиса жойига етиб борган. Ёнғин соат 10:17 да ўраб олинган ва соат 10:28 да ўчирилган. 

Ҳодиса жойига Тошкент вилояти ФВБ ва туман ФВБ раҳбар ходимлари чиққан. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олган ва вафот этганлар йўқлиги билдирилди. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Шунингдек, вазирлик ижтимоий тармоқларда тарқалган Абу-Сахий бозорида ёнғин чиққани ҳақидаги хабарларда бир неча йил олдин содир бўлган ёнғин тасвирланган видеодан фойдаланилганини маълум қилди.

Вазирлик фуқаролар ва блогерлардан аҳоли орасида саросима кўтармаслик мақсадида нотўғри маълумотлар тарқатмасликни сўраган.