Президент Шавкат Мирзиёев 22 март куни Самарқандга ташриф буюриб, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

– Куни кеча халқимиз билан Наврўз айёмини кутиб олдик. Бугун, муқаддас Рамазон ойида мана шу табаррук жойга келиб турибмиз. Бу улуғ кунларга тинчлик-хотиржамликда етказгани учун Яратганга шукроналар айтамиз. Илоҳим, ҳамиша юртимиз тинч, элимиз фаровон бўлсин, ҳамма хайрли ниятларимиз амалга ошсин. Бу мажмуани Имом Бухорий бобомизга муносиб тарзда қуряпмиз. У зиёрат билан бирга маърифат, тарбия, ибрат ўчоғи бўлсин, деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд қилинишича, бу ерда янги мажмуа барпо этилмоқда, унинг умумий майдони 44 гектар. Бугунги кунда маҳобатли мақбара, 10 минг кишига мўлжалланган масжид қуриб битказилган. Баландлиги 75 метрлик 4 та минора мажмуага улуғворлик бағишлаган. Шунингдек, музей, айвонлар, маъмурият ва хизмат кўрсатиш бинолари барпо этилган.
Айни пайтда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунда миллий анъаналар ва иссиқ ранглардан фойдаланилмоқда. Пештоқлар ва айвон деворларига “Саҳиҳи Бухорий”дан ҳадислар битилади.

Бундан ташқари, ҳудудда икки минг ўринли йигирмадан ортиқ меҳмонхона, хиёбонлар, тўртта таҳоратхона барпо этилади.
Бу йил Ўзбекистонда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади. Шу ҳақдаги президент қарорида калом илми султонининг Самарқанд шаҳридаги мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш белгиланган. Ташриф чоғида президентга ушбу лойиҳа тақдимот қилинди.
Қайд этилганидек, Мотуридий мажмуасида 1 минг 500 кишига мўлжалланган жоме масжид, маъмурий бино қурилиши кўзда тутилган. У ерда кутубхона, мажлислар зали, инновацион музей ҳамда мутахассислар учун хоналар бўлади. Мажмуа яқинида зиёратчилар учун автотураргоҳ, таҳоратхона қурилади.

Имом Абу Мансур Мотуридий ислом оламида ихтилофлар авж олиб, ҳар хил фирқалар кўпайган пайтда яшаган, бутун ҳаётини исломий ақидани ҳимоя қилиш ва маърифатини ёйишга бағишлаган. У зотнинг мотуридийлик таълимоти, “Таъвилотул Қуръон”, “Китоб ат-Тавҳид” каби асарлари бағрикенглик ва мўътадиллик тамойиллари билан аҳли сунна вал-жамоанинг маънавий асосларига айланган.
















