11 март куни “Уй-жой ҳамда бино-иншоотларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.
Унда кўп квартирали уй-жойлар ва ижтимоий соҳа муассасаларига 8 681 та индивидуал иссиқлик пунктларини ўрнатиш (2025 йилда 480 та) орқали марказлашган иссиқлик таъминотини ёпиқ тизимга ўтказиш дастурини амалга ошириш кўзда тутилган.
Kun.uz Қурилиш ва уй-жой коммунал вазирлигидан ёпиқ тизим қандай ишлаши борасида изоҳ олди.
Вазирликнинг маълум қилишича, ўтган даврда иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш бўйича замонавий технологиялар синовдан ўтказилган ҳамда марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказиш ишлари бошланган.
“Бунда ҳар бир кўп қаватли уйнинг ертўла қисмида индивидуал иссиқлик пунктлари ўрнатиш ташкил этилади. Индивидуал иссиқлик пунктлари (ИИП) “очиқ” иссиқлик таъминоти тизимини “ёпиқ” тизимга ўтказиш учун мўлжалланган қурилмадир.
“Очиқ” иссиқлик таъминоти тизимида қозонхонадан бериладиган иссиқ сувнинг бир қисми тўғридан тўғри коммунал-маиший эҳтиёжлар учун ишлатилади ва иссиқлик энергияси манбага қайтарилмасдан, истеъмолчилар томонидан оқизиб юборилади.
“Ёпиқ” иссиқлик таъминоти тизимида эса иссиқлик ташувчи, истеъмолчининг индивидуал иссиқлик пунктлари орқали ўз иссиқлигини бериб, ҳарорати пасайган ва ҳажмини йўқотмаган ҳолда иссиқлик манбайига қайтарилади. Яъни иссиқлик таъминоти корхоналаридан келган иссиқ сув истеъмолчига етарли ҳароратни бериб, ҳажми йўқолмаган ҳолатда, ортга қайтарилади. Иссиқлик тармоқларидаги меъёрий йўқотишлар бундан мустасно”, – дейилади вазирлик берган изоҳда.
Таъкидланишича, ёпиқ тизимнинг бир қатор афзалликлари бор, хусусан:
- “ёпиқ” тизимга ўтиш орқали, аввало, қозонхоналарда кимёвий тозаланган сув тежаб қолинади;
- истеъмолчи, кўп қаватли уйга хизмат кўрсатувчи ташкилот ва иссиқлик таъминоти корхонаси ўртасида аниқ ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконияти яратилади, боиси ҳар бир индивидуал иссиқлик пунктларида замонавий, ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилади;
- истеъмолчиларга етказиб берилаётган иссиқлик энергиясининг миқдори, ҳарорати ва босими тўғрисидаги маълумотлар реал вақт режимида қайд этиб борилади, бунда истеъмолчи ҳам, таъминотчи ҳам аниқ кўрсаткичларга эга бўлади;















