Қашқадарё вилоятида иссиқлик етказилмаган кунлар учун ҳисобланган 2,3 млрд сўмга яқин маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар бермоқда.

Қўмитанинг вилоят бошқармаси томонидан Қарши шаҳри, Нишон, Косон ва Яккабоғ туманларидаги кўп қаватли уйларнинг марказлашган иссиқлик таъминоти ўрганилган. Маълум бўлишича, “Иссиқлик таъминоти” МЧЖ маҳаллий қозонхоналар орқали ушбу ҳудудлардаги 384 та кўп қаватли уйнинг 14 448 та хонадонигa иссиқлик энергияси етказиб берган. Шунингдек, 12 та бюджет ва бошқа ташкилот билан ҳам иссиқлик таъминоти бўйича шартномалар тузилган.

Ўрганишлар давомида режали таъмирлаш, авариялар, газ босимининг пасайиши, совуқ сув ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар сабаб айрим қозонхоналар фаолият кўрсатмаган кунларда аҳолига иссиқлик етказиб берилмагани аниқланган. Бироқ шундай кунлар учун ҳам истеъмолчиларга қарздорлик ҳисобланган.

Рақобат қўмитаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида мавсум якуни бўйича ушбу маблағларни қайта ҳисоб-китоб қилиш масаласини кўриб чиққан. Натижада 5,5 минг хонадонда яшовчи истеъмолчилар фойдасига қарийб 2,3 млрд сўм қайта ҳисоб-китоб қилинган.