Марказий Осиё давлатлари Сталин замонидан қолган чегара масалаларини ниҳоят ҳал қилиб олди. Ва энди халқаро майдонда янада жипсроқ бўлиб ҳаракат қилиш пайти келди. Бу бирдамлик жорий ҳафта Самарқандда ўтадиган биринчи Марказий Осиё — Евроиттифоқ саммитида яна бир бор ўз аксини топиши кутилмоқда. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида бу икки минтақа нима учун бир-бирига эҳтиёжманд экани ҳақида сўз юритди.
Бу ҳафта Марказий Осиё тарихида қолади. 31 март куни Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари Хўжандда учрашиб, уч давлат чегарасининг туташган нуқтаси ҳақидаги шартномани имзолади ва “Дўстлик” стеласини очиб берди.
Бу ёдгорлик – тарихий аҳамиятга эга. Бир вақтлар Ленин ва Сталин томонидан белгилаб берилган чегаралардаги чигалликлар собиқ СССР вақтида ҳам, ундан кейинги мустақиллик даврида ҳам халқларимизга, давлатларимизга кўп муаммолар яратиб келди. Советлар онгли равишда барчамизнинг умумий уйимиз Туркистонни парчалашган эди, бешта давлатга бўлиб, бешта миллий-этник ўзликни бўрттиришган эди.
Бир вақтлар биз барчамиз туркистонликлар эдик, советлар эса ҳар хил ўзликлар яратиш ва қарама-қарши қўйиш орқали, бизнинг бирлигимизга зарба беришди.
2017 йилдан бошлаб Марказий Осиёдаги давлатлар ўртасидаги муҳит мутлақ ўзгарди. Унга қадар, давлатларнинг ўзаро муносабатларида совуқ оҳанглар устувор эди. Мисол учун, Ўзбекистоннинг Тожикистон билан юзлаб километр чегаралари миналаштирилган эди. Қирзиғистон билан ҳам чегаралардаги таранглик юқори эди. Давлатлар ўртасида ҳатто виза тизими жорий қилинган бўлиб, яқин қариндошлар ҳам ўн йиллаб бир-бирини кўриш имкониятидан маҳрум бўлган эди. Бугун айтса ишониш йиқин бўлган бу оғир вазиятлар ортта қолди.
Қолаверса, минтақа давлатларининг ташқи сиёсатдаги, геосиёсатдаги қарашлари ҳам жуда яқинлашди. Демак, 31 март куни уч давлат раҳбарлари Сталиндан қолган оғир чегара муаммоларини ҳал қилиб, Марказий Осиё тарихида янги саҳифани очиб беришди.
Бу ҳафтадаги яна бир муҳим воқеа: Самарқандда бўладиган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммити. 3-4 апрел кунлари Самарқандда Марказий Осиёнинг беш давлат раҳбарлари ва Европа Иттифоқининг асосий раҳбарлари учрашиб, икки минтақа ўртасидаги ҳамкорликни юқори даражага олиб чиқиши кутилмоқда.
Глобал сиёсатда катта ўзгаришлар бошланган. АҚШ ҳокимиятига Трампнинг келиши, унга қадар Россия-Украина уруши халқаро майдондаги турбулентликни, чайқалишларни кучайтирди. Дунё кўп қутблилик томон кетмоқда. АҚШнинг ўзи изоляционизмга оғишмоқда. Трамп томонидан бошлаб берилган иқтисодий национализм дунёда савдо-иқтисодий урушлар ва геосиёсий тирашувларни кучайтирди.
















