Покистон ахборот вазири Аттауллоҳ Тарар Исломободда Ҳиндистон яқин 24-36 соат ичида Покистонга ҳарбий зарба беришга тайёрланаётгани ҳақида «ишончли маълумотлар» борлигини айтиб чиқди.
«Бу Покистоннинг Паҳалгамдаги воқеага алоқадорлиги ҳақидаги асоссиз ва сохта айбловлар билан боғлиқ», – дея ёзган вазир 30 апрелга ўтар кечаси.
Тарар Ҳиндистон ўтган ҳафта сайёҳларга ҳужумдан зарба учун «ёлғон баҳона» сифатида фойдаланмоқчи экани ва «Ҳиндистоннинг ҳар қандай ҳарбий авантюризмига ишончли ва қатъий жавоб берилиши»ни таъкидлаган.
Гарчи аввалги можароларда ҳеч қачон қўлланмаган бўлса-да, икки давлат ҳам ядро қуролига эга, .
Аттауллоҳ Тарарнинг изоҳлари Ҳиндистон Покистонни ўтган ҳафта Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмида 26 киши ўлимига сабаб бўлган ҳужум ортида турган жангариларни қўллаб-қувватлашда айблаши ортидан бўлмоқда. Ҳиндистон расмийлари аниқ бир гуруҳ номини айтмаган, Исломобод эса бу айбловларни қатъиян рад этмоқда.
Ҳиндистон ва Покистон Кашмир ҳудудини 70 йилдан ортиқ вақтдан бери талашиб келади ва бу ҳудуд учун икки марта кенг кўламли уруш олиб борган. 20 апрел куни сайёҳларга ўт очилиши ушбу минтақада тинч аҳоли орасида қурбонлар сони бўйича сўнгги 20 йил ичида кузатилган энг йирик ҳужум бўлди.
Икки давлатнинг тан олинмаган чегарасида бир ҳафтадан буён вақти-вақти билан демаркация чизиғининг икки томонида жойлашган ҳарбийлар томонидан бошланган отишмалар тинмаяпти.
Ҳиндистон Покистон ҳудудига зарба бериш-бермаслиги масаласи ҳам фаол муҳокама қилинмоқда, 2016 ва 2019 йилларда жангариларнинг кенг кўламли ҳужумларидан кейин шундай йўл тутилганди.
2016 йилда Ури шаҳрида 19 нафар ҳинд аскари ўлдирилганда, Ҳиндистон Кашмирнинг Покистон назоратидаги қисмидаги жангариларнинг тахминий лагерларига аниқ зарбалар берганди. 2019 йилда портловчи моддалар ортилган автомобил ҳинд полицияси бўлган автобусни урилиб, 40 киши ҳалок бўлганида, Ҳиндистон Балакидаги жангарилар лагерига ҳаво ҳужуми уюштирган, бу Покистон ҳудудида 1971 йилдан бери кузатилган илк шундай зарба бўлганди. Покистон бунга жавобан ўз ҳаво ҳужумларини амалга оширганди. Бу эса давомли қуролли тўқнашувларга айланиб кетади.

Ўтган ҳафта маҳаллий расмийлар Кашмирда кенг кўламли рейд ўтказилгани ва 1500 дан ортиқ киши сўроқ қилиш учун ҳибсга олинганини маълум қилганди. Ўшандан бери яна кўплаб одамлар ҳибсга олинган, уларнинг сонига аниқлик киритилмаган.
















