Ўзбекистонда ўз хонадонида кулер ёки жўмракости филтрларини ишлатадиган аҳоли сони ошиб бормоқда. Kun.uz мухбири “Ўзсувтаъминот” АЖ ўтказган матбуот анжуманида қувурлар орқали етказиб берилаётган ичимлик сувининг сифати ҳақида сўради.

Компания расмийларининг фикрича, одамлар кулер ишлата бошлагани жўмракдаги сув сифати ёмонлашди дегани эмас.

“Ичимлик суви сифати илгари қандай назорат қилинган бўлса, ҳозир ҳам шундай назорат қилиб турилибди, сифати ёмонлашгани йўқ. Тўғри, баклажкадаги сувлар – ҳақиқатан ишлов берилган, филтрация даражаси юқорироқ, юмшоқлиги жиҳатдан яхшироқдир, лекин бу [жўмракдаги] ичимлик суви сифати ёмонлигини билдирмайди”, – деди “Ўзсувтаъминот” раиси ўринбосари Комилбек Юсупов.

“Бизнинг ҳар битта иншоотимиздан чиқаётган сувнинг сифати доимий назоратда. 24 соат барча параметрлар бўйича ҳар соатда назорат қилиб борилади. Бу параметрлар МДҲ параметрлари билан бир хил. Қувурлардан келаётган “водопровод” суви сифатига масъул ташкилот сифатида айтамизки, ҳаммаси ичишга, истеъмолга яроқли ҳисобланади”, – деди компания матбуот хизмати раҳбари Акмал Муродов.

“Ўзсувтаъминот” раисининг бошқа бир ўринбосари Хуршид Раҳматуллаевга кўра, сув сифати назорати шаффоф йўлга қўйилган: истеъмолчилар Waterlab онлайн харитасидан фойдаланиб, ўз ҳудудига қаердан сув етказиб берилаётгани, унинг сифати, таркиби қанақалиги, қачон охирги марта намуна олингани каби маълумотлар билан танишиб туриши мумкин.

“Ҳозир республика бўйича 81 та лабораториямиз ишлаб турибди. Ҳаммаси стандарт бўйича намуналарни олишади. Агар сувнинг сифати ёмонлашадиган бўлса, сув бериш тўхтатилади”, – деди Раҳматуллаев.