Президентнинг ПФ–140-сонли фармонига кўра, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб “Ўзсувтаъминот” АЖ фойдаланишига топшириладиган барча ичимлик суви ва оқова сув инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари “Дастурларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш ва манзилли рўйхатларни келишишнинг автоматлаштирилган ахборот тизими” электрон платформасида акс эттирилади.
Ҳужжатга мувофиқ, “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда унинг тизим корхоналари ўртасида шартномавий муносабатларни самарали ташкил этиш мақсадида тор ихтисослик бўйича малака ошириш, ўқитиш ва эксплуатация ишларига оид шартномалар тўғридан тўғри тузилади.
Шунингдек, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув соҳасидаги янги лойиҳаларни молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг қарз ва грант маблағларини олдиндан харид, ретроактив ва бошқа молиялаштириш механизмлари орқали жалб қилиш тартиби йўлга қўйилади.
2027 йил 1 январдан эътиборан марказлашган ичимлик суви таъминотини ташкил этиш иқтисодий жиҳатдан самарасиз ёки мақсадга мувофиқ бўлмаган ҳудудларда аҳолига хизмат кўрсатиш алоҳида ёндашув асосида амалга оширилади. Бунда махсус техникалар орқали сув етказиб бериш ва сув тарқатиш шохобчаларини ташкил этиш каби усуллар қўлланилади.
Фармон билан яна бир муҳим янгилик сифатида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари тарифларини тасдиқлаш ваколати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига ўтказилди. Бу тариф сиёсатини янада такомиллаштириш ва соҳада ягона ёндашувни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.











