Германия Қуролли кучлари (Бундесвер) Бундесвер бош инспектори, генерал Карстен Бройер томонидан имзоланган ҳужжатга кўра, жорий ўн йилликнинг охирига келиб ҳаво мудофааси соҳасида жанговар тайёргарлигини ошириши керак. Бу ҳақда 25 май, якшанба куни директива билан танишган Reuters агентлиги хабар берди.

Бройер ҳаво таҳдидларига қарши мудофаани кучайтиришни «биринчи устувор вазифа» деб атайди. Асосий вазифалар қаторига ракетага қарши мудофаа комплекси, шунингдек, қисқа ва ўрта масофага мўлжалланган ҳаво мудофааси киради. Ҳужжатда дрон ҳужумларидан ҳимояланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланган.

Politico хабарига кўра, Бундесвер раҳбари, шунингдек, душман чизиғи орқасида «аниқ зарбалар бериш имконияти яратилганини» ҳам эълон қилди. Гап 500 километрдан ортиқ масофани босиб ўтадиган қурол ҳақида кетмоқда — бу Германияда фойдаланиладиган TAURUS қанотли ракеталаридан кўпроқ.

Бундесвер, шунингдек, кўпроқ ўқ-дорилар ва ҳужумкор дронларни сотиб олишни режалаштирмоқда.