Тошкентда MSITF-2025 фестивали доирасида мудофаа саноатининг замонавий қурол-яроғлари, оғир ва енгил ҳарбий техникалар ҳамда ҳарбий ва икки хил мақсадларга мўлжалланган маҳсулотлар намойиш қилинди. Кўргазмадаги энг эътиборга молик техникалар – кўплаб турдаги дронлар бўлди. Kun.uz мухбири ушбу фестивалдан фоторепортаж тақдим қилади.





Жорий йил 29-31 май ҳамда 1 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасида — Мудофаа соҳасидаги инновацион технологиялар фестивали («MSITF-2025») бўлиб ўтди.
Ушбу фестивалда Қуролли Кучларга зарур бўлган замонавий технологиялар, металлургия, кимё саноати ҳамда текстиль соҳасида икки мақсадга мўлжалланган ишлаб чиқарувчи ташкилот, йирик корхоналар, жисмоний шахслар ҳамда ихтирочилар ўзларининг маҳсулотлари билан қатнашди.





Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов, ДХХ раиси Баҳодир Қурбонов, Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов, Сенатор ва ёшлар ишлар агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Баҳодир Тошматов, Бош вазирнинг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ва бошқа расмийлар қатнашди.
«Ҳарбий-техник соҳада 50 га яқин давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатилиб, 30 дан ортиқ илғор хорижий компаниялар билан шартномалар имзоланди. 40 та маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари 155 тага етказилиб, хизмат кўрсатиш 2,5 баробарга оширилди», деди Шуҳрат Холмуҳамедов.

















































