DW хабарига кўра, Болгария мудофаа вазири Димитар Стоянов 28 октябр куни ўтказилган брифингда ҳужум мамлакатнинг мутлақ иқтисодий зонасида содир бўлганини билдирган.

Либерия байроғи остида ҳаракатланган кема Шабла шаҳридан тахминан 21 денгиз мили — қарийб 39 километр жануби-шарқда учта учувчисиз денгиз аппарати зарбасига учраган.

Дронлар ҳақида Франция самолёти хабар берган

Болгария Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Contship Jet Руминиянинг Констанца портига кетаётган бўлган. Болгария радиоси эса кема Исроилнинг Ҳайфа портидан йўлга чиққанини хабар қилган.

Денгиз дронлари кузатилгани ҳақидаги маълумот Қора денгизнинг ғарбий қисми устида парвоз қилаётган Франция денгиз патрул самолётидан келиб тушган.

Шундан сўнг Болгария ҳарбий-денгиз кучлари қутқарув операциясини ўтказиб, кемадаги барча 18 кишини олиб чиққан. Ҳужум учун ким жавобгар экани ҳозирча аниқ эмас.

Софияда уч давлат вакиллари шошилинч йиғилди

28 октябр куни Софияда Болгария, Руминия ва Туркия мудофаа вазирлари ҳамда штаб бошлиқларининг шошилинч йиғилиши бўлиб ўтган. Унда Қора денгизда фуқаролик кемалари қатнови хавфсизлиги муҳокама қилинган.

DW маълумотига кўра, сўнгги ҳафталарда Болгария соҳиллари яқинида камида олтита савдо кемаси ҳужумга учраган.

Украина бу ҳужумлар учун Россияни айбламоқда. Болгария бош вазири Румен Радев эса улар, афтидан, Россия манфаатига хизмат қилаётганини айтган. Россия расмийлари ҳужумларга алоқадорлик ҳақидаги айбловларни рад этмоқда.