Дензел Вашингтоннинг худди шу номли филми бор. Ўша кинони кўрганимдан буён ота меҳри деган сўз менга бошқача таъсир қилади. Охирги рамазонда поездда водийга сафар қилдик. Йўл бўйи бир ибратли воқеага гувоҳ бўлдимки, тақдир бежизга ўша воқеани менга кўрсатмади деб ўйлаб у ҳақда сизга айтишни истадим. Бугун ота меҳри ҳақида гаплашамиз.

Жасурбекнинг дадаси

Самарқанддан водийга борадиган поездга чиқарканмиз йўл режамиз тайёр эди: саҳарликни биргаликда қиламиз-да, кейин етиб боргунча дам оламиз. Ахир йўл олис, эрталабдан ишлашимиз керак эди. Бунинг устига қайтиш автобусда бўлиши аниқ эди, у ерда ухлаб бўлмайди. Поезднинг тепа қаватига жой олгандим, аввалдан менга тепада кетиш ёқади, одам худди учиб кетаётгандек бўлади.

Тепа қаватга жойлашишим билан пастдаги икки ўриндаги йўловчилар эътиборимни тортди. Кейин бутун йўл бўйи хаёлим шу йўловчиларда бўлди... Улардан бири ўрта ёшдаги ота, бошқаси отанинг қўл-оёғи ишламайдиган ўғли. Чамаси 12-13 ёшдаги болакай гапиролмас, баъзи истакларинигина турли товушлар билан ифода этарди холос. Унинг нафас олиши қийин, гавдасини ҳам тик тутолмасди. Менимча, болакайнинг аҳволини тасаввур қилдингиз...

Боланинг отаси йўл бўйи мана шу дард билан синалган фарзанди атрофида парвона бўлди: ҳали аравачасига ўтқизиб, деразадан тоғларни томоша қилдириб қўяди, ҳали сув беради, ҳали ҳожатга чиқасанми деб сўрайди. Уларнинг гапларидан болакайнинг исми Азизбек эканини тушундим. Ота бола воҳадан уйларига, водийнинг қайсидир шаҳрига кетишаётганди, балки Андижонга, балки Марғилонгадир. Ҳар замонда ҳалиги боланинг олдига шўх укаси келиб туради, унинг исми Жасурбек эди, адашмасам. Бу шўх бола ҳам юришдан, забони гўёдан маҳрум акасига қараб келди.

Йўл бўйи боланинг отаси ногирон фарзанди атрофида парвона бўлиб ухламади. Ва бирор март уф деб нолигани, ўғлига овозини кўтаргани йўқ. Самарқанддан Намангангача поезд жуда кўп вақт юради, ишонинг тор поездда ҳаракатдан тўла маҳрум болага қарайдиган ота бирор марта ношукурлик қилмади, фарзандини кўз қорачиғидай асраб келди.

Мен уларни гапга тутишга юрагим дош бермади, жуда таъсирландим. Баъзи одамлар ота билан гаплашиб кетишди. Айтишича, боланинг уй учун алоҳида, кўчага чиқиши учун алоҳида аравачаси бор экан. Ота ҳар куни орқаси тўшакда қизариб кетмаслиги учун ўғлини массаж қиларкан.

Йўқ, азизлар бундай ҳолатни тақдир менга бежизга кўрсатмади, мен албатта бу қаҳрамон ота ҳақида қачондир сизга айтиб беришим керак эди. Тўрт мучаси саломат боласини урадиган, сўкадиган, кўчада қолдирадиган инсонлар жуда кўпайган замонимизда ўзимизнинг водийнинг бир қишлоғида қўл-оёғи ишламайдиган, гапиролмайдиган, ҳожатга чиқишини ҳам товушлар билан ишора қиладиган фарзандини кўкларга кўтарадиган, бу синовга учраганидан ҳеч ҳам нолимайдиган Жасурбекнинг дадасидек қаҳрамон ота борлигини билишингиз керак.