"Аввало, Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган матбуотида, телерадиоканаллар, интернет нашрлари, нашриёт ва матбаа корхоналарида, ахборот хизматлари ва платформаларида ўз бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган сиз, ҳурматли журналистлар, муҳтарам фахрийларни, барча ижодий ва техник ходимларни бугунги касб байрамингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Глобал ижтимоий-сиёсий жараёнлар беқиёс шиддат билан ўзгараётган ҳозирги ўта мураккаб ва нотинч дунёда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва таъсири ҳар қачонгидан ҳам кучли аҳамият касб этаётганини ҳаммамиз сезиб-англаб турибмиз.
Шу маънода, бепоён медиаоламда холис ва ҳаққоний ахборот тарқатиш билан бирга, миллий манфаатларимизни қатъий ҳимоя қиладиган журналист аҳлининг машаққатли меҳнатини муқаддас сарҳадларимизда сергак турган Ватан посбонларининг жасоратига қиёсласак, ўйлайманки, ўринли бўлади.
Ушбу қутлуғ айёмда мамлакатимизда амалга оширилаётган тарихий ишларга ўз истеъдоди, профессионал маҳорати билан муносиб ҳисса қўшиб келаётган оммавий ахборот воситаларининг барча ходимларига халқимиз номидан юксак ҳурмат ва эзгу тилаклар изҳор этиш мен учун катта шарафдир", дейди президент.
Таъкидланишича, республикада фаолият кўрсатаётган 2 минг 400 га яқин оммавий ахборот воситаларининг 65 фоизи нодавлат сектор ҳиссасига тўғри келаётгани, хусусий нашрлар, телерадиоканаллар, интернет ресурслари тобора ортиб, улардан фойдаланувчилар сони 14,7 миллиондан 32,7 миллионга етгани, ахборот контентларини яратувчилар сафи кенгайиб бораётгани мамлакат медиа соҳасидаги салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Айниқса, миллий медиаконтентни ривожлантириш йўлида ёш ижодкорлар, мустақил студия ва продюсерлик марказлари фаолияти қўллаб-қувватланаётгани виртуал маконда юксак сифатли, рақобатбардош лойиҳалар пайдо бўлиши учун замин яратмоқда.
"Мамлакатимизда фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини, матбуот ва сўз эркинлигининг қонуний ижросини таъминлаш бўйича сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Биз келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизни баркамол этиб тарбиялаш билан бирга, уларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор бермоқдамиз. Бу борада 2030 йилгача болалар учун мўлжалланган миллий контентлар, жумладан, нашр маҳсулотлари фойда солиғидан озод қилиниб, ижтимоий солиқ 1 фоиз миқдорида белгилангани, қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартиби жорий этилгани муҳим қадам бўлди.
Ана шу ўзгаришларнинг давоми сифатида яқинда Болалар контентини ривожлантириш марказини ташкил этдик. Ушбу марказ ёш авлодимизни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларни эзгулик ва маърифатга ошно этиш бўйича амалий ҳаракатларни бошлаб юборгани албатта эътиборлидир.















