2026 йил ёзидаги кучли иссиқлик тоғлардаги музликларнинг эришини тезлаштирган. Натижада бир асрдан ортиқ вақт давомида муз остида сақланиб келган ҳарбий ўқ-дорилар очилиб қолган.

Айрим снарядларни тоғда сайр қилаётган сайёҳлар пайқаган. Топилмалар ҳақидаги хабарлар, жумладан, Трентино провинциясининг шарқидаги Примьеро водийсида жойлашган Канал-Сан-Бово ҳудудидан келиб тушган.

Италия армияси маълумотига кўра, ўқ-дориларни олиб чиқиш ва зарарсизлантириш ишларини Julia алп бригадасининг сапёрлари бажарган. Улар Канал-Сан-Бово билан бирга минтақанинг бошқа баланд тоғли ҳудудларини ҳам текширган.

Фото / © Julia Alpine brigade

Топилган ўқ-дорилар «Оқ уруш» давридан қолган. Бу атама Биринчи жаҳон уруши пайтида, 1915–1918 йилларда Австро-Венгрия ва Италия қўшинлари ўртасида Алп тоғларида кечган жангларни англатади.

Уруш тугаганига бир асрдан ошган бўлса ҳам, муз остида қолган ўқ-дориларнинг бир қисми портлаш хавфини сақлаб қолган. Шу боис уларни зарарсизлантиришга махсус тайёргарликка эга ҳарбийлар жалб этилган.

Мавсумий тозалаш ишлари 16 октябрда якунланган. Операциянинг охирги ҳафтасида Канал-Сан-Бово ҳудудида 55 та портловчи буюм зарарсизлантирилган. Улар орасида Италияда ишлаб чиқарилган 75 миллиметрли 18 та артиллерия снаряди ва Францияда тайёрланган 37 та Thevetot миномёт ўқ-дориси бўлган. Француз ўқ-дориларидан ўша даврда Италия қироллик армияси ҳам фойдаланган.

Фото / © Julia Alpine brigade

Бутун мавсум давомида эса минтақанинг турли тоғли қисмларидан жами 250 дан ортиқ портловчи буюм олиб чиқилиб, зарарсизлантирилган.

Музликларнинг эриши «Оқ уруш»дан қолган буюмларни юзага чиқараётгани биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Мутахассислар бундай топилмаларнинг очилиб қолишини глобал исиш ва музликларнинг чекиниши билан боғламоқда.

Ҳарбийлар тоғларда шубҳали ўқ-дорига дуч келган кишилар унга тегмаслиги, жойидан қўзғатмаслиги ва топилма ҳақида маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши кераклигини эслатган.