Жамият | 12:33 / 03.07.2025
3612
2 дақиқада ўқилади

Ҳибсдаги саккиз киши: Россияда яна бир озарбойжонлик қамоққа олинди

Екатеринбург суди шов-шувли қотиллик иши бўйича озарбойжон диаспорасидан саккизинчи айбланувчи Азиз Абасовни қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди.

Фото: Valery Sharifulin/dpa/TASS/picture alliance

Свердловск вилоятининг Екатеринбург шаҳри Ленин туман суди шов-шувли қотиллик иши бўйича саккизинчи айбланувчи Азиз Абасовни қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди. Суд матбуот хизмати қарор ҳақида 2 июл, чоршанба куни хабар берди.

«Екатеринбургнинг Ленин туман суди терговчининг илтимосномасини кўриб чиқди ва 2025 йил 19 июлгача қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлади», — дейилади қарорда.

Абасов оғирлаштирувчи ҳолатларда қотилликка ундаш моддалари бўйича айбланмоқда, деб хабар берди Свердловск вилояти судлари Telegram-канали. Суднинг ажрими ҳали қонуний кучга кирмаган.

Аввалроқ суд Акиф, Аяз, Бакир ва Мазоҳир Сафаров, шунингдек, Аҳлимон Ганжиев, Шаҳин Лалаев ва Камол Сафаровларни қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарган эди. Икки гумонланувчи, ака-ука Гусейн ва Зияддин Сафаров қўлга олиш вақтида вафот этди.

28 июн куни Россия Тергов қўмитасининг минтақавий тергов бошқармаси матбуот хизмати Екатеринбургда, терговчиларга кўра, 2001, 2010 ва 2011 йилларда «жиноий гуруҳ таркибида» буюртма бўйича қотиллик ва қотилликка уринишда иштирок этганликда гумон қилинган бир неча киши қўлга олингани ҳақида хабар берди. Икки гумонланувчи ака-ука Гусейн ва Зияддин Сафаров ушлаш чоғида ҳаётдан кўз юмди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид