Россиянинг Бонндаги бош консулхонаси муддатидан олдин ўз фаолиятини тўхтатганини маълум қилди.

«Германия ҳукуматининг Россиянинг Бонндаги бош консулхонасини 2026 йил 18 сентябрга қадар ёпиш тўғрисидаги қарори муносабати билан барча консуллик масалалари бўйича фуқароларни қабул қилиш бекор қилинади», дейилади дипломатик ваколатхона хабарида.

Россиянинг Берлиндаги элчихонаси маълумотига кўра, 1 сентябр куни Россия элчиси Сергей Нечаев Германия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган. Унга 4 август куни Лейпциг/Ҳалле аэропортида содир бўлган дронлар билан боғлиқ ҳужумга Москва алоқадорлиги юзасидан норозилик билдирилган.

Германия Россияни мазкур ҳужумни ташкил этишда айбламоқда. Россия элчиси эса бу айбловларни рад этган.

Россия элчихонасига кўра, Бонндаги бош консулхона ва Берлиндаги «Рус уйи»нинг барча ходимлари, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига Германия ҳудудини имкон қадар тезроқ тарк этиш кўрсатмаси берилган.

Бонндаги дипломатик ваколатхона Россиянинг Германия ҳудудидаги сўнгги бош консулхонаси эди. Унинг ёпилиши ортидан мамлакатдаги Россия фуқаролари консуллик хизматларидан фойдаланиш учун фақат Россиянинг Берлиндаги элчихонасига мурожаат қилиши мумкин бўлади.

Аввалроқ Германия ташқи ишлар вазири Йоҳанн Вадефул Бонндаги Россия бош консулхонаси 18 сентябрга қадар ёпилишини маълум қилган эди.

Берлин, шунингдек, Москвага нисбатан чоралар доирасида Берлиндаги «Рус уйи» фаолиятига асос бўлган келишувни бекор қилишга қарор қилган.

Германия ҳукумати бу қарорларни 4 август куни Лейпциг/Ҳалле аэропортидаги дронлар билан боғлиқ ҳужумга уриниш учун Россияни жавобгар деб ҳисоблаши билан изоҳламоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова эса Германиянинг «Рус уйи» бўйича қарорини танқид қилиб, Берлин унинг фаолиятини тўхтатиш учун баҳона излаганини иддао қилди.