Сўнгги бир йил ичида Россиядаги қурилиш майдонларида меҳнат мигрантлари сони кўпайди. Бу ҳақда Қурувчилар миллий бирлашмаси («НОСТРОЙ») президенти Антон Глушков маълум қилди. Унинг сўзларини «РИА Новости» агентлиги келтирган.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда ушбу объектларда 20 мингга яқин хорижий ишчи меҳнат қилмоқда. Бу сўнгги ўн йилликдаги кўрсаткичлар билан таққослаганда қарийб беш фоизга кўпдир.
Одатда, мигрантлар Марказий Осиёдан келмоқда. Ҳозир улар орасида Ўзбекистондан келаётганлари бироз кўпроқ, Тожикистондан эса бироз камроқ. Бундан ташқари, Россия Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Мянма ва Ветнам каби мамлакатлардан ҳам ишчиларни жалб қила бошлади.
Глушков Сибир ва Узоқ Шарқда ишлайдиган шимолий кореялик қурувчилар ҳақида ҳам фикр билдирди. Унинг айтишича, улар ўзини жуда яхши томондан кўрсатган. Улар интизомлилиги, юқори меҳнат унумдорлиги, миграция сиёсати борасида муаммолар келтириб чиқармаслиги ва Россия қонунчилигига қатъий риоя қилиши билан ажралиб туради.
Ўтган йил якунларига кўра, Россия Шимолий Корея фуқароларига 36413 та виза берган, бу бир йил аввалгига нисбатан деярли тўрт баравар кўпдир.







