Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш бўйича музокараларни 2026 йилда якунлаб, 2027 йилда аъзоликка йўл очишни мақсад қилган. Бу ҳақда Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзолиги бўйича ишчи гуруҳ раиси, Жанубий Кореянинг ЖСТдаги элчиси Сунг-Йе Чои маълум қилди.
“Ўзбекистон ўз олдига музокараларни шу йили якунлаш ва 2027 йилда аъзо бўлиш учун йўл очиш мақсадини қўйган”, — деди у.
Аввалроқ аъзолик жараёнини 2026 йил мартдаги ЖСТ вазирлар конференциясида якунлаш кўзланганди. Бироқ бу муддатга улгурилмади. Анжуманда Kun.uz жараённинг кечикиш сабаблари, очиқ қолаётган масалалар ва йил охиригача белгиланган мақсад айнан нимани англатиши юзасидан савол берди.
Мартдаги режага нега улгурилмади?
Президент Администрацияси бош инспектори Искандарбек Генжаевнинг тушунтиришича, аъзолар томонидан қўшимча саволлар ва мажбуриятлар кўтарилиши, уларни Ўзбекистон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда келишиш қўшимча вақт талаб қилмоқда.
Бундан ташқари, 2026 йил бошида Ўзбекистон билан икки томонлама музокараларга киришишга яна айрим давлатлар қизиқиш билдирган.
“Бунда Ўзбекистон томонидан қабул қилинадиган аъзоликдаги мажбуриятлар муҳокама қилинмоқда ва ушбу мажбуриятларни келишиш жараёни ўзи ҳам вақт талаб қилмоқда”, — деди Генжаев.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир асосий эътибор кўп томонлама музокараларга қаратилган. Очиқ масалалар келишилгач, аъзолик пакети ЖСТ Бош кенгашида кўриб чиқилиши, шунингдек, Ўзбекистон ички тартиб-таомилларни, жумладан ратификацияни бажариши лозим.
Шу тариқа, музокараларни йил охиригача тугатиш мақсади ўша вақтнинг ўзида тўлиқ аъзолик кучга киришини англатмайди. Анжуманда аъзоликнинг аниқ санаси эълон қилинмади.
“Икки томонлама музокаралар деярли 99 фоизга якунланган”

Сунг-Йе Чои тарифлар ва хизматлар бўйича икки томонлама музокаралар якунига яқинлашганини билдирди.
“Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо давлатлар билан тарифлар ва хизматлар бўйича икки томонлама музокаралар деярли 99 фоизга якунланган. Фақат якуний тафсилотлар ҳал қилиниши керак”, — деди ишчи гуруҳ раиси.












