10 ноябр куни Хитой ҳукумати мамлакатнинг савдо профицити жорий йилнинг дастлабки 10 ойида 1 трлн доллардан ошиб кетганини маълум қилди. New York Times'нинг ёзишича, Хитойнинг экспорти кескин ўсишда давом этгани сабабли бу кўрсаткич ўтган йилги рекорд суръатдан ҳам ўзиб кетган. Ўтган йили триллионлик кўрсаткичга 11 ойда эришилганди.
Эрон атрофидаги уруш ва Ҳўрмуз бўғозида кемаларга ҳужумлар давом этаётгани нефт нархларини ошириб юборди. Шу сабабли Хитой қуёш панелларидан тортиб электромобилларгача бўлган яшил энергетика маҳсулотлари учун дунё бўйлаб талаб кучайди. Хитой, шунингдек, сунъий интеллект маълумотлар марказлари соҳасидаги бумдан ҳам фойда кўрмоқда.
Хитой Бош божхона бошқармаси маълумотига кўра, 2026 йилнинг дастлабки 10 ойида мамлакатнинг савдо профицити 1,04 трлн долларга етди. Экспорт - 3 триллион 782 миллиард доллар, импорт эса 2 триллион 740 миллиард долларни ташкил қилган.
Жорий йилдаги ютуққа октябрда экспортнинг импортдан 105,3 млрд долларга ошгани ҳам туртки бўлди. Импорт қилинаётган хом нефт нархи юқорилигича қолгани учун ойлик кўрсаткич сентябрдагига нисбатан қисқарди. Бундан ташқари, Хитой ўз захираларини тежаш мақсадида яқин атрофдаги давлатларга дизел ёқилғиси, авиа-ёқилғи ва бошқа қайта ишланган нефт маҳсулотлари экспортини чеклаб қўйди.
Октябрда экспорт бир йил аввалгига нисбатан 35,2 фоизга ошди. Жумладан, бошқа давлатлардаги маълумотлар марказлари учун кабеллар, сервер шкафлари ва бошқа ускуналар катта ҳажмда жўнатилди. Импорт эса 41,6 фоизга ошди. Унинг таркибида Хитой ўзининг сунъий интеллект инфратузилмасини барпо этиш учун олиб кирган кўп миқдордаги электроника бор.
Арзон ишчи кучи ва юқори технологиялар
Хитой савдо профицитининг тинимсиз ўсиб бориши қисман унинг экспорт маҳсулотлари рақобатбардошлиги ниҳоятда юқори эканини кўрсатади. Арзон ишчи кучи ва энг сўнгги автоматлаштириш технологияларига киритилаётган йирик сармоялар ишлаб чиқариш харажатларини паст даражада ушлаб турибди.
Жаҳон даражасидаги инфратузилма туфайли Хитойнинг турли шаҳар ва шаҳарчаларидан халқаро бозорларга юк жўнатиш арзонга тушади. Хитой миллий валютасининг заифлиги эса узоқ бозорларда Хитой маҳсулотларининг ҳамёнбоп бўлиб қолишига ёрдам берган.














