27 октябр куни Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши йиғилишида айрим озиқ-овқат маҳсулотлари импортига бож солишни назарда тутувчи президент қарори лойиҳаси муҳокама қилинди.
Ҳозирда кўплаб турдаги озиқ-овқат ва истеъмол маҳсулотлари импорти вақтинча бождан озод қилинган, бу имтиёз муддати 2027 йил 1 январгача белгиланган. Таклиф этилган қарор лойиҳаси билан аксар маҳсулотлар учун божсиз тартибни узайтириш назарда тутилмоқда, бироқ 9 турдаги маҳсулот бўйича имтиёз муддатини ўзгаришсиз қолдириш таклиф этилган.
Лойиҳани тақдим этган Ташқи савдо вазирлиги масъули Сарвар Хўжаевга кўра, амалдаги ҳужжатлар билан 56 турдаги истеъмол товарлари импортига божхона божининг нол ставкаси қўлланмоқда. Лойиҳада 45 турдаги маҳсулот учун имтиёзни тўлиқ, иккита товар позицияси бўйича эса қисман сақлаган ҳолда, нол ставкани қўллаш муддатини 2028 йил 1 январгача узайтириш кўзда тутилган.
Қуйидаги тўққиз турдаги маҳсулотга эса амалдаги имтиёз муддати тугаганидан кейин уни давом эттириш назарда тутилмаган:
- қуюлтирилган сут ва қаймоқ;
- йогурт;
- пишлоқ ва творог;
- олма, нок ва беҳи;
- шакарли қандолат маҳсулотлари;
- шоколад;
- макарон;
- минерал ва газланган сувлар;
- алкоголсиз ичимликлар.
Шу тариқа, бу маҳсулотлар импортига божларни 2027 йил 1 январдан тиклаш таклиф этиляпти.

Расмийлар: “Имтиёзни кесмаяпмиз”
Сарвар Хўжаев таклифлар республикадаги ишлаб чиқариш қувватлари, маҳаллий корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳажми ва ички талабни қондириш даражаси таҳлили асосида тайёрланганини билдирди.
“Биз амалдаги имтиёздан қайсидир товар позицияларини чиқариб ташламаяпмиз, имтиёзни кесмаяпмиз. Биз имтиёз тугаганидан кейин қайси маҳсулотларга қўшимча имтиёз беришимиз мумкин, деган ёндашувда таклиф ишлаб чиққанмиз”, — деди Хўжаев.



















