Ўзбекистон | 14:36 / 14.07.2025
2591
2 дақиқада ўқилади

Лифт йилига камида бир марта мажбурий техник кўрикдан ўтказилади

Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби белгиланди.

Фото: РБК

Ҳукумат қарори билан «Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, бино ва иншоотларда ўрнатилган, доимий равишда фойдаланишда бўлган лифтлар 12 ойдан ошмаган ҳолда камида 1 марта мажбурий даврий техник кўрикдан ўтказилади.

Фойдаланишга топширилган ва янги ўрнатилган ҳар қандай лифт махсус электрон ахборот тизимида рўйхатга олинишидан аввал дастлабки техник кўрикдан ўтказилиши шарт.

Дастлабки техник кўрик лифт пудратчисининг мурожаатига биноан 10 иш кунидан кечиктирмай ихтисослашган ташкилот томонидан амалга оширилади.

Бунда техник кўрик натижаларининг тоифасига қараб қуйидаги рангларда маълумот ёрлиғи лифтга ёпиштирилади:

- фойдаланишга яроқли лифтга «яшил»;

- қисман носоз лифтга «мовий»;

- носоз лифтга «сариқ»;

- фойдаланиш учун хавфли лифтга «қизил».

Техник кўрик натижасида фойдаланиш учун хавфли ва қизил рангли маълумот ёрлиғи билан белгиланган лифтдан фойдаланиш тақиқланиши лозим.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид