Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 октябрдаги 588-сон қарори билан Лифтдан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга мувофиқ, лифтларни рўйхатдан ўтказиш, техник хизмат шартномаларини тузиш ва бекор қилиш, хизмат натижаларини киритиш ҳамда сақлаш «Хавфсиз лифт» ягона идоралараро электрон платформаси орқали амалга оширилади.

Лифтлар ваколатли орган томонидан бепул рўйхатга олинади. Дастлабки техник кўрик натижаси ижобий бўлса, рўйхатга олиш икки иш куни ичида бажарилиб, буюртма берувчига QR-кодли маълумотнома юборилади.

Кабинанинг кўринарли жойида лифтнинг идентификация рақами ва рўйхатга олингани ҳақида QR-кодли маълумот бўлиши лозим. Шунингдек, бино бошқарувчиси ҳамда техник хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг номи, манзили ва боғланиш маълумотлари жойлаштирилади.

Янги низомга кўра, йўловчи лифтининг юк кўтариш қобилияти қанча бўлишидан қатъи назар, унда қурилиш материаллари ва қурилиш чиқиндиларини ташиш тақиқланади. Лифт ўлчамларига мос келмайдиган буюм ва жиҳозлар, портловчи, тез алангаланадиган, радиоактив ҳамда заҳарлилик даражаси ўта юқори моддаларни ташишга ҳам йўл қўйилмайди.

Электрон платформа орқали сотиб олинмаган ва ўрнатилмаган лифт ҳамда эҳтиёт қисмлардан фойдаланиш ҳам тақиқланади.

Ўрнатувчи муомалага чиқарган ҳар бир лифт учун шу санадан бошлаб камида уч йиллик кафолат берилиши белгиланган. Кафолат даврида таъмирлаш ва қисмларни алмаштириш муддати 15 кундан ошмаслиги керак.

«Қизил» рангли маълумот ёрлиғи билан белгиланган лифтдан фойдаланиш тақиқланган даврда унга техник хизмат кўрсатилмайди. Шу вақт учун хизмат кўрсатувчи ташкилот бино бошқарувчисидан ҳар ойлик техник хизмат ҳақини талаб қила олмайди.

Техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реестрига кириш эса онлайн хабар бериш орқали бепул амалга оширилади.