Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг буйруғи билан Кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ҳужжат 2026 йил 14 августда Адлия вазирлигида 3824-1-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Янги талабларга кўра, кўп квартирали уйни бошқариш органи лифтларнинг бутун фойдаланиш муддати давомида авариясиз ва хавфсиз ишлашини таъминлаши керак. Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун лифт тўхтатиб қўйилган вақт бундан мустасно.
Шунингдек, бошқариш органи лифтлар фаолияти устидан диспетчерлик назоратини йўлга қўйиши шарт. Лифтдаги авария-қутқарув қурилмаси, кузатув камераси, алоқани кучайтириш қурилмаси ва авария ҳолатлари ҳақида хабар бериш воситалари соз ҳолатда сақланиши лозим.
Лифт кабинаси ва машина хонасидан оператор билан икки томонлама алоқа қилиш имконини берувчи чироқли ва товушли сигнализация ҳамда алоқа воситалари ҳам ишчи ҳолатда бўлиши талаб этилади.
Бундан ташқари, лифтга ҳар ой техник хизмат кўрсатилиши ва йилига бир марта даврий техник кўрик ўтказилиши таъминланади. Авария, носозлик ёки бошқа хавфли ҳолатлар аниқланса, лифтга техник хизмат кўрсатувчи ташкилотга дарҳол хабар берилиши керак.
Лифт кабинасида ундан фойдаланиш қоидалари, лифтнинг номи ва юк кўтариш қобилияти, рухсат этилган йўловчилар сони кўрсатилган лавҳа бўлиши шарт. Шунингдек, унда «Хавфсиз лифт» электрон платформасидаги қайд рақами, даврий техник кўрикдан ўтгани ҳақида маълумот ҳамда техник хизмат кўрсатувчи ташкилот ёки авария хизмати билан боғланиш учун телефон рақами жойлаштирилади.
Янги қоидаларни назарда тутувчи буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.









