Кўзингиз тушган бўлса керак, Озарбойжон озод қилинган Қорабоғда бутун дунёдан борган журналистлар иштирокида медиа-форум ўтказди. Унда қизиқ гаплар айтилди. Шунчалик қизиқки, Россиядаги Z-блогерлар «Озарбойжон билан урушга тайёрланишга» чақирди. Қуйида Алиев ва Дмитрий Гордоннинг кичик суҳбати атрофида Россия – Озарбойжон низоси янги босқичга кўтарилгани ҳақида гаплашамиз.
«Озарбойжон биз учун ўрнак»
Демак, медиа-форумнинг энг асосий қисми Илҳом Алиев ва украиналик машҳур журналист Дмитрий Гордоннинг мулоқоти бўлди. Тажрибали Гордон форумга жуда яхши тайёрланиб, Алиевга тактик жиҳатдан жуда кучли савол берганини таъкидлаш керак.
«Озарбойжон ўз ерларини қайтиб олганини Украинада илҳомланиб кузатдик. Бу бизнинг кўнглимизни кўтарадиган ўрнак бўлди. Украинлар сиз кўп марта мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлигини қўллаш ҳақида гапирганингизни ҳам қадрлайди. Биз кўп йилдан буён уруш ҳолатида яшамоқдамиз. Ўз ерларини қайтарган музаффар миллат етакчиси сифатида украинларга қандай маслаҳат берасиз?», деди Гордон.
Илҳом Алиев бу саволга жуда кучли жавоб берди. Шу ўринда айтиб кетак, мен Алиев сиёсатидаги баъзи жиҳатларни оқламайман, унга нисбатан нейтрал қарашдаман, лекин Озарбойжон президенти украиналик Гордоннинг саволига жуда юқори даражада жавоб берганини алоҳида таъкидламоқчиман. Собиқ иттифоқ ҳудудида яшаб, Россия билан низо чўққига чиққан бир вақтда бунақа кучли баёнот бериш чинакам жасоратли иш.
«Ҳеч қачон оккупацияга рози бўлманг, бу – энг асосий маслаҳатим. Биз шундай қилдик. Биринчи Қорабоғ уруши вақтида вазият жуда оғир эди, кўп қурбон бердик, Хўжайлида озарлар қатлиом қилинди. Руҳий ва иқтисодий жиҳатдан жуда қийналдик. Миллиондан ортиқ озарлар ҳеч вақосиз қолишди. 750 минг Қорабоғ атрофида яшайдиган, 250 минг Арманистондан қувилган озарлар. Бизни халқаро майдонда деярли ҳеч ким қўлламасди. Қашшоқлик даражаси 100 фоизга яқин эди.
Мана шундай оғир паллада халқимизнинг омади келиб, Гайдар Алиевдек етакчи ўртага чиқди. У ёш эмас, 70 га кирганди. Саломатлиги ҳам ёмон, оғир хасталик билан курашарди. Аммо у вазиятни тиклашга эришди. Ўша пайтда фуқаролик уруши авж олганига қарамай.
Биз босиб олинган ерларимизни қайтиб олиш фикридан асло қайтмадик. Қийин бўлишини билардик. Биринчидан, релеф жуда ноқулай эди. Жангчиларимиз бу ерга Фузули орқали келди. Улар йўл йўқлиги учун Шуша тоғларига пиёда кўтарилишди. Жанг майдонида ҳамма нарсага, ўлимга ҳам тайёрлигимизни кўрсатдик. Бир сўз билан айтганда, биз ўз ерларимизни қайтариш хаёли билан яшадик.






