Айн-Сохна Қизил денгиз соҳилидаги энг йирик портлардан бири ҳисобланади ва Сувайш канали иқтисодий зонаси маъмурияти тасарруфида. Миср Транспорт вазирлиги портни комплекс реконструкция қилиш ва кенгайтириш бўйича йирик миллий лойиҳани амалга оширмоқда. Ундан кўзланган асосий мақсад Айн-Сохнани Жанубий ва Шарқий Осиё, Европа ҳамда Шимолий Африка ўртасидаги савдо оқимларига хизмат кўрсатадиган муҳим денгиз-логистика марказига айлантиришдир.

Лойиҳа доирасида жами тўртта порт ҳавзаси қурилди. Янги причалларнинг умумий узунлиги 18 километрдан ошади. Улар орасида 19 метр чуқурликка эга бўлган ва Гиннес рекордини ўрнатган сунъий порт ҳавзаси ҳам бор.

Шунингдек, портда юкларни қабул қилиш ва сақлаш учун умумий майдони 9,2 миллион квадрат метр бўлган майдонлар ташкил этилди. Порт инфратузилмаси, муҳандислик ва коммунал тармоқлари янги объектларнинг ишлашини таъминлаш мақсадида модернизация қилинди.

Транспорт инфратузилмаси ҳам кенгайтирилган. Хусусан, порт ичида 17 километрлик темир йўл тармоғи ташкил қилиниб, у Айн-Сохна — Янги Ал-Аламейн электрлаштирилган тезюрар темирйўл магистрали билан боғланган. Бу порт орқали юкларни денгиздан қуруқликка ва аксинча тезроқ етказиб бериш имкониятларини оширади.

Planet компанияси яқинда Айн-Сохна портидаги улкан қурилиш ва реконструкция ишлари қандай амалга оширилганини акс эттирувчи видеони ҳам тақдим этди. Лойиҳа натижасида портнинг юк қабул қилиш ва ташиш имкониятлари сезиларли даражада кенгайиб, унинг халқаро денгиз логистикасидаги аҳамияти ортиши кутилмоқда.

Гиннес рекорди эса лойиҳада қўлланилган муҳандислик ечимларининг кўламини намоён этади. Айн-Сохна портининг модернизация қилиниши Мисрнинг минтақавий ва халқаро савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатнинг йирик логистика маркази сифатидаги мавқеини кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланган.