3 сентябр куни Яккасарой тумани Глинка кўчасида рўй берган, бир кишининг жароҳатланиши ва бир нечта автомобилларга шикаст етишига олиб келган асфалт ўпирилиши юзасидан Veolia Energy Tashkent изоҳ берди.

Компания мутахассислари масъул идоралар билан биргаликда ҳодиса жойидаги иссиқлик камерасини кўздан кечирган ва техник кўрикдан ўтказган. Текширувда аниқланишича:

  • иссиқлик таъминоти қувурлари бутун ва шикастланмаган;
  • жорий йилда ётқизилган, узунлиги 1240 метр бўлган магистрал қувур бўш ҳолатда (сув ва босимсиз) бўлган.

“Шундай қилиб, ушбу ҳодиса иссиқлик таъминоти тармоқларининг эксплуатацияси ёки улардаги узилишлар билан боғлиқ эмас.

Қўшимча равишда маълум қиламизки, ушбу ҳудудда иссиқлик таъминоти (иссиқ сув етказиб бериш) штат режимида амалга оширилмоқда”, – дейилади иссиқлик таъминотчиси баёнотида.

Аввалроқ масъул идоралар бу ҳодиса газ ёки ичимлик суви билан ҳам боғлиқ эмаслигини билдирган эди.

“Ҳудудгаз Пойтахт” хабарига кўра, Глинка кўчасидаги ҳодиса жойидан юқори босимли газ қувури ўтмаган ва содир бўлган ҳодиса табиий газ тармоқлари билан боғлиқ эмас. Ўрганиш давомида газ сизиб чиқиши аниқланмаган.

“Тошкент шаҳар сув таъминоти” ҳам бу авария унинг тасарруфидаги ичимлик суви тармоқларига тегишли эмаслигини маълум қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги вазият назоратга олингани ва барча тафсилотлар ўрганилаётгани айтилган бирламчи ахборотидан кейин ҳозирча бошқа изоҳ берганича йўқ. Ҳокимликка кўра, ҳодиса оқибатида бир киши енгил тан жароҳати олган.